Ахборотлашган жамиятда интернетдан фойдаланишнинг ижобий ва салбий оибатлари
Автор: Абдурахимов Д.Б.
Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium
Рубрика: Основной раздел
Статья в выпуске: 1-1 (92), 2022 года.
Бесплатный доступ
Мақолада бугунги кунда ахборотлашган жамиятда интернетдан фойдаланишнинг ижобий ва салбий оқибатлари, интернет нима учун керак ва унинг қандай фойдалари борлиги, интернетнинг инсонларга тақдим этадиган қулайликлари, фойдали жихатлари ёритиб берилган. Шунингдек ижтимоий тармоқлардан қулайлик хавфсиз фойдаланиш ва муаммоли вазиятларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар берилган.
Короткий адрес: https://sciup.org/140290871
IDR: 140290871
Текст научной статьи Ахборотлашган жамиятда интернетдан фойдаланишнинг ижобий ва салбий оибатлари
Бугунги ривожланаётган даврга келиб интернетнинг кашф этилиши инсоният ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Дунё аҳолисининг сони ҳозир етти миллиарддан ошган бўлса, шундан уч миллиарддан зиёди интернет тармоғига уланган. Сўнгги йиллардаги статистикага кўра, Ўзбекистонда ҳам аҳолининг интернетдан фойдаланиш фоиз кўсатгичи ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. Шундай экан, интернетнинг фойда ва салбий томонлари ҳақида батафсилроқ маълумот олишга эҳтиёж бор.
Интернет нима учун керак ва унинг қандай фойдалари борлиги ҳақида тўхталиб ўтсак. Кўпчилик интернетдан янгиликлар ўқиш, мусиқа тинглаш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш каби, асосан, кўнгилочар мақсадларда фойдаланади. Аммо интернет инсонларга тақдим этадиган қулайлик ва фойдалар фақат булардан иборат эмас.
Оддий электрон почта (E-email) хизматини олиб кўрайлик. Бир неча сония ичида мактуб ёзиб, уни компьютер ёки телефонингиздаги битта тугмани босиш орқали дунёнинг исталган жойига бир сонияда жўнатишингиз мумкин. Интернетдан олдин бу мумкинмиди? Албатта, йўқ. Бунинг учун илгари анъанавий почта ёки телеграф хизматларидан фойдаланиш лозим бўлган. Ҳозир эса бунга ҳожат йўқ. Ёки ҳозир уйингизда ўтириб, интернет орқали истаган нарсангизни сотиб олишингиз ва уйингизгача олиб келиб беришларини буюртма қилишингиз мумкин. Интернет тармоғидан сизни қизиқтирган ихтиёрий махфий бўлмаган маълумотларни олиш, тармоқ бўйича исталган мамлакатдаги ҳамкасбларига почта хатларини юбориши, маъруза матнларини олиш, дунё янгиликларидан тезда ҳабардор бўлиш, тармоқ орқали савдо қилиш, чиройли шаҳар ёки ёдгорликларнинг пиктографик расмларини кўриб чиқиш ёки мусиқа ва жаҳон киносидан баҳраманд бўлиш ёки бундай тармоқларга ўзининг рекламасини жойлаштириш мумкин. Уни бутун дунёдаги миллионлаб одам кўради ва деярли ҳамма нарсани, ҳатто ўзининг бўш вақтини мазмунли ва қизиқарли ўтказишни ҳамда амалга ошириш мумкин.
Интернет бу ахборотларнинг чексиз дунёсидир. Бу ҳақиқатда ўзгача виртуал мамлакатдир унга кириб олиш ва у ерда узоқ вақт яшаш мумкин. Интернет орқали ҳар бир касб эгаси ўзига керакли маълумотларни олса бўлади. Яъни, журналист интернетда энг янги янгиликларни топади, илмий ходим – уни қизиқтирган муаммо буйича охирги тадқиқотлар материалларини, тижоратчи эса дунёнинг исталган биржасида валюта котировкасини (баҳосини) билиб олади. Ўқитувчилар эса дарс жараёнини тушунтиришда масофавий тармоқ ёки тармоқдаги ўқув услубига мослаштирилган курслар орқали билим бериши мумкин.
Интернетнинг ҳаётимиздаги ўрнини қуйидагича кўришимиз мумкин:
-
- Интернетнинг тадбиркорлар учун муҳим бўлган биринчи муҳим вазифаси ахборот вазифасидир. Тармоқдан ўзини қизиқтирган, исталган маҳфий бўлмаган биржага оид ва тижорат ахборотларини илмий ва сиёсий ахборотларни олиш мумкин.
-
- Коммуникация имконияти. Тармоқ технологиялари фойдаланувчига телефон бўйича исталган шаҳар ва мамлакатдаги ўзиниг шериклари билан гаплашиш имконини беради, шу билан бир қаторда бу оддий телефон алоқасидан ҳам арзонроқдир; оддий почтани ишлатишга қараганда кам ҳаражат қилиб ва шунинг билан бирга сезиларли даражада тезроқ унга хат юбориш мумкин.
-
- Тижорат имконияти. Бутун дунёда тармоқ бўйича савдо фаол ривожланмоқда. Имкониятли харидор ўз шахсий компьютерининг экранида товарларни кўриб чиқади, буюртма беради ва кредит карточкаси бўйича уларга ҳақ тўлайди.
-
- Реклама имконияти. Интернет бўйича реклама бериш биринчи навбатда унинг оммавийлиги ва тезкорлиги туфайли жуда самаралидир.
-
- Кўнгил очиш имконияти. Жуда хилма-хил турдаги минглаб кўнгилочар адабиётларни ўқиш, қизиқарли фильмларни кўриш мумкин; энг мароқли компьютер ўйинларини ўйнаш турли хил музейлардан завқланиш мумкин ва бошқа кўпгина шунга ўхшаш нарсалар. Бундан ташқари таълим тизимида бундай тармоқлардан фойдаланиш албатта яхши натижаларни беради. Яъни, масофавий таълим тизимидан фойдаланиш, маълумотлар омборига мурожат этиш, ундан керакли маълумотларни қидириш, сақлаш ва ҳ.к. ҳозирги пайтда дарс жараёнида тармоқ тизимини қўллаш дарс берувчи учун ҳам, билим
олувчи учун ҳам бирдай қулай. Негаки, тўғридан – тўғри интернет орқали талабалар билим оладилар, айниқса бу услубни қўллашда чет тилларни ўқитишни кўриш мумкин. Яъни, On-line курслари орқали ўзларининг билимларини оширадилар ва уларга қўйилган талаблар ҳам осонлашади, дарс мавзуси, грамматика қонун-қоидалари схематик асосида тушунтирилади, тармоқ курслари орқали тестлар ечилади, чет тили талаффузлари оғзаки баён асосида кузатилади. Бир сўз билан айтганда ҳозирги техника ва технологиялар асрида бу тармоқга талаб кучайиб бормоқда. Биз бундай тармоқлар маълум маънода керак эмас ёки унга талаб катта эмас деб айта олмаймиз, негаки, интернетнинг аҳамияти, унинг ишончлилиги ва тезкорлиги ортиб борар экан, яқин келажакда бундай ғоялар ўз исботини топади.
Интернет нафақат сиз билан биз каби оддий фойдаланувчилар томонидан, балки хусусий ва давлат компаниялари томонидан ҳам кенг қўлланилмоқда. Ҳозир деярли барча йирик компаниялар ўз ходимлари ва мижозлари билан алоқаларни тўлиқ интернет орқали олиб боради. Янги маҳсулотларини интернет орқали оммага тақдим этади, сотади ва бошқа турли хизматлар кўрсатади. Интернет ҳукуматлар ишларини ҳам осонлаштирган. Фуқароларнинг деярли барча мурожаатлари кўп давлатларда ҳозир электрон шаклда амалга оширилмоқда. Бу қоғозбозлик, фуқароларнинг идорага бориб расмийлар билан юзма-юз кўришиши, навбат кутиб узоқ ўтириши каби ноқулайликларни камайтиради. Ўзбекистонда ҳам худди шу мақсадда my.gov.uz лойиҳасининг бошланганини ижобий ва қувонарли ҳол, деб айтишимиз мумкин.
Интернетнинг салбий жиҳатлари ҳақида ҳам сўз юритадиган бўлсак, бу оммавий коммуникация тури дастлаб пайдо бўлганда, аксарият ишларнинг электрон шаклга ўтиши оқибатида кўплаб иш ўринлари бой берилади, деган хавотирлар бўлган. Чунки интернетдан олдин бу ишлар қоғозлар орқали ёки офис-идораларда ишчи-ходимлар қўли билан амалга ошириларди. Аммо интернетнинг иқтисодиёт учун, компаниялар учун келтирган улкан фойдаси бу хавотирларни йўққа чиқарди. Эндиги асосий хавотир ва таҳдид интернетда шахсий ва бизнес маълумотларини алмашишнинг қанчалик хавфсиз экани ҳақида бўлмоқда. Хавотирлар шу даражада ошдики, ҳатто ҳукуматлар интернет таҳдидларининг олдини олиш учун кўпроқ эътибор ва ресурслар ажратмоқда. Кибер хуруж ва кибер уруш деган атамалар пайдо бўлди. Бугунги кунда биз шу кенг мавзунинг оддий интернет фойдаланувчиларига тегишли бўлган қисмига, яъни интернетда шахсий маълумотлар дахлсизлигини таъминлаш йўлларига эътибор қаратамиз.
Шахсий дахлсизлик (Privacy) ва интернет хавфсизлиги нима ва нимага керак деган саволга қуйидагича жавоб беришимиз мумкин. Интернетда фойдаланувчилар учун энг катта таҳдид уларнинг шахсий маълумотлари бошқаларнинг қўлига тушиши ёки ошкор қилиниши хавфи ҳисобланади.
Биз онлайн хизматлардан фойдаланганимизда, ижтимоий тармоқлар ёки электрон почта орқали мулоқот қилганимизда кўплаб шахсий маълумотларимизни интернетга киритамиз. Булар шахсий суратлар, банк ёки молия маълумотлари, соғлиққа оид маълумотлар, дўстларимиз билан ўзаро махфий ёзишмаларимиз ёки емаил ва айрим сайтларга кириш учун ишлатиладиган логин ва пароллар бўлиши мумкин. Одатда, бу маълумотларнинг хавфсиз сақланишини OnLine (онлайн) хизматни тақдим этувчи сайтлар таъминлайди, аммо шундай ҳолатлар ҳам бўладики, бу маълумотларингиз исталмаган учинчи бир томон қўлига ўтиб қолиши ва улар бу маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда маълумотлардан, шу жумладан шахсий маълумотлардан фойдаланиш маданиятига эътибор бериб, келтирилган веб саҳифалар таҳлил қилинса қуйидаги салбий ҳолатлар ва камчиликлар учраб туради:
-
- фойдаланувчиларнинг айримлари ўз номлари билан рўйхатдан ўтишмайди;
-
- номақбул фото суръатлар қўйишади;
-
- ўзаро мулоқатларда ҳурматсизлик қилишади;
-
- бемаъни гаплар ёзадилар, баъзан нотўғри маълумотлардан фойдаланади;
-
- саҳифалар ижтимоий бўлишига қарамасдан сиёсий мулоқатлар ўрнатадилар ва ҳокоза.
Демак, ижтимоий тармоқларда маълумотлардан, шу жумладан шахсий маълумотлардан фойдаланиш маданияти деганда, юқорида келтирилган салбий ҳолатлар ва камчиликларга йўл қўймаслик тушунилади. Унутмаслик керакки, маълум бир шахс томонидан интернет тизимига қўйиладиган маълумотлар бошқа шахслар ёки ижтимоий гуруҳлар томонидан турли мақсадларда ҳам фойдаланиилиши мумкин. Шу жумладан маънавият ва маърифатга зид ҳам бўлиши мумкин. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланилганда у ердаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига, Сизни алдашмаётганлигига иқрор бўлиб, сўнгра маълум бир қарорга келиш керак.
Демак, фақат ўзимизгагина тегишли бўлган, бошқаларга бизнинг розилигимизсиз берилмайдиган барча маълумотлар бизнинг шахсий мулкимиз ҳисобланади ва улар устидан шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгамиз.
Шахсий маълумотларнинг ошкор бўлиши ўз айбингиз билан ёки хакерлар каби махсус ҳужум уюштирувчи шахс ёки шахслар хатти-ҳаракати натижасида содир бўлиши мумкин. Шахсий маълумотларнинг ошкор бўлиши сизга моддий ва маънавий зарар келтириши мумкин. Масалан, сиз ижтимоий тармоқдан фойдаланиш тартибини яхши тушунмасдан, фақат дўстимга юборяпман, деган ишонч билан айрим шахсий сурат ёки маълумотларни ҳамма кўрадиган жойга жойладингиз.
Ёки ҳеч кимга кўринмайди, деб ўйлаб, ижтимоий тармоқларда айрим сайтларга қўйилган шубҳали ҳаволалар устига босдингиз; билмасдан уни ўз саҳифангизда ҳам кўрдингиз ёки эҳтиётсизлик билан шубҳали сайтни очганингиз учун сизнинг розилигингсиз бу сайт ҳақидаги маълумотлар ҳаммага кўринадиган саҳифангизда пайдо бўлиб қолди. Шахсий ҳаётингизга тааллуқли бўлган бундай маълумотларнинг бошқаларга ошкор бўлиши сизнинг обрўингизга путур етказиши ёки сиз ҳақингизда бошқаларда салбий тасаввур ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Бу маънавий зарар ҳисобланади. Бундан ташқари, бу каби эҳтиётсизлик натижасида сизнинг номингиз билан турли тақиқланган сайтларга ташриф буюришлари мумкин.
Агар электрон почтангизга келган шубҳали мактубдаги ҳаволани босиб, уни очсангиз ва натижада шахсий маълумотларни ўғирлашни мақсад қилган зарарли дастур компьютерингизга ўрнашиб олса, у компьютерингиз ва электрон почтангиздаги барча шахсий маълумотларни кўчириб, ушбу дастур ортида турган шахсларга жўнатиши мумкин. Ўғирланган маълумотлар орасида банк ва кредит карта маълумотлари бўлиши мумкин ва улардан фойдаланган ҳолда кибер жиноятчилар пулингизни ўмариши турган гап.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, интернетнинг инсоният учун фойдаси ва имкониятлари кундан кунга ошиб бормоқда. Шу билан бирга хавфсизлик борасида ҳам муаммолар камайгани йўқ. Барча керакли ахборот хавфсизлигини таъминловчи дастурларга эга бўлсангиз ҳам, сизнинг интернетдаги фаолиятингиз ҳеч қачон 100 фоиз хавфсиз бўлмайди. Паролни кучли танлаш ёки зарарли сайтларга кирмаслик орқали сизга бўладиган хавф даражасини минимумга туширишингиз мумкин, аммо агар хакерлар шахсан сизни ҳужумга олишни қасд қилса, улар таҳдидидан омон чиқишингиз эҳтимоли жуда кам. Албатта, оддий одамларнинг қасддан қилинган хакерлар ҳужумига дуч келиши деярли учрамайди. Шунинг учун хулоса сифатида сизга интернетдан хавфсиз фойдаланиш бўйича сўнгги тавсияларимизни тақдим этамиз.
-
1. Имкони борича шахсий маълумотларингизни интернет сайтларига ва тармоқларига камроқ киритинг.
-
2. Нотаниш одамлар билан мулоқот қилманг ва улардан келган электрон почта мактубларидаги сайт манзилларини ва илова қилинган файлларни асло очманг.
-
3. Шахсий мактубларингиз ва чатдаги мулоқотларингизни сиз ва сиз алоқа қилаётган одамдан бошқа ҳеч ким билмайди, деб ўйламанг.
-
4. Интернетни масъулият билан ишлатинг. яъни интернетда ёзган сўзингиз ёки амалга оширган ҳатти-ҳаракатингиз учун омма олдида ҳам уялмасдан, қўрқмасдан жавоб бера олишга кўзингиз етсагина, интернетда шундай фаолият билан машғул бўлинг.
-
5. Интернетда ноқонуний фаолият турлари билан шуғулланманг. Демак, интернетда ҳам қонунга итоаткор фуқаро бўлинг.
-
3. Ядов Г.Б. Информация и общество// Вокруг света. – 2004. - № 2.
-
4. http://ru.wikipedia.org/wiki/Портал:Компьютерные_технологии
-
5. http://revolution.allbest.ru/programming/00004698_0.html
-
6. http://synopsis.kubsu.ru/informatic/master/lecture/themes4_1_1.htm
-
7. http://ru.wikipedia.org/wiki/Информационное_общество
"Экономика и социум" №1(92) 2022
АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1.Ш.М.Мирзиёев. «Янги Ўзбекистон Стратегияси».– Тошкент : 2021. - 457 б. 2.Левин, Джон, Р., Бароди, Кэрол, Левин-Янг, Маргарет. Internet для “Чайников”, 8-еиздание.:Пер.сангл.—М.:Издательскийдом "Вильяме", 2003.—288 с.
ИНТЕРНЕТ МАНБАЛАРИ
Список литературы Ахборотлашган жамиятда интернетдан фойдаланишнинг ижобий ва салбий оибатлари
- Ш.М.Мирзиёев. "Янги Ўзбекистон Стратегияси".- Тошкент: 2021. - 457 б.
- Левин, Джон, Р., Бароди, Кэрол, Левин-Янг, Маргарет.Internet для "Чайников", 8-еиздание.:Пер.сангл.-М.:Издательскийдом "Вильяме", 2003.-288 с.
- Ядов Г.Б. Информация и общество// Вокруг света. - 2004. - № 2.
- http://ru.wikipedia.org/wiki/Портал:Компьютерные_технологии.
- http://revolution.allbest.ru/programming/00004698_0.html.
- http://synopsis.kubsu.ru/informatic/master/lecture/themes4_1_1.htm.
- http://ru.wikipedia.org/wiki/Информационное_общество.