Антропоген ландшафтларни тади-этишнинг илмий ва назарий асослари

Автор: Назаров М., Муртазаев Б., Якшибоев Б.

Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium

Рубрика: Основной раздел

Статья в выпуске: 3-2 (94), 2022 года.

Бесплатный доступ

Мақолада Aнтропоген ландшафтлар тўғрисидаги тушунча ва уларнинг илмий назарий асослари ҳамда ландшафтларнинг тадқиқ этиш орқали илмий амалий аҳамияти таҳлил қилинган.

Антропоген ландшафт, ландшафт, ландшафт идикатция, геосистема, табиий ҳудудий комплекс, геокомплекс, маданий ландшафт

Короткий адрес: https://sciup.org/140293077

IDR: 140293077

Текст научной статьи Антропоген ландшафтларни тади-этишнинг илмий ва назарий асослари

Антропоген ландшафт тушунчасининг вужудга келиши, жумладан ландшафт - инсон муносабатлари кучли акс этадиган, табиий ресурсларга эга бўлган ва қайта тикланадиган ҳамда генофонд сақланадиган табиий система, инсон ҳаёт кечирадиган ва фаолият юритадиган муҳит, табиий лаборатория ва эстетик идрок қилиш манбаи эканлиги, шунингдек, географиянинг ривожланишида ландшафт (геосистема, табиий ҳудудий комплекс, геокомплекс) концепцияси энг мухим илмий-назарий масалалардан булиб хисобланади. Шу уринда таъкидлаб ўтиш керакки, бизнинг тасаввуримизда ва тадқиқотимизда ландшафт умумий тушунча сифатида қаралиб, у турли таксономик бирликдаги географик комплексларнинг синонимидир. (М.Назаров, 2020). [6]

Ландшафтни умумий тушунча нуқтаи назардан талқин этиш С.С.Неуструев, Ф.Н.Мильков илмий ишларида эътироф этилган ва ривожлантирган. Ф.Н.Мильковнинг таъкидлашича релъеф, иқлим, тупроқ, ўсимлик қандай умумий тушунчага эга бўлса, ландшафт ҳам ҳудди шундай умумий тушунча ҳисобланади. Умумий тушунча тарафдорларининг фикрича ландшафт тушунчаси ҳам барча турдаги ва катталикдаги географик объектларга тадбик этилаверади.

Табиатда антропоген ландшафтлар мавжудлигини, уларнинг турли-туманлигини ландшафтшунос олимлар бирданига эмас, балки аста-секинлик билан тан ола бошлашган. “Антропоген ландшафт” термини россиялик географлар А.Д.Гожев ва Б.Н.Городков томонидан таклиф килинган. А.Д.Гожев 1930-йилда биринчи бор антропоген ландшафтни табиий комплекс сифатида ажратган (Назаров, 2012). Антропоген ландшафт концепцияси россиялик машхур географ-олим Ф.Н.Мильков томонидан асосланди ва унинг илмий мактаби намоёндалари томонидан ривожлантирилди.[5]

Ю.Г.Саушкин (1946) «маданий ландшафтларни ўрганиш учун географиянинг алоҳида бир тармоғи бўлиши керак» деган ғояни илгари суради. У «маданий ландшафт деб табиий муҳитнинг узвий элементлари инсоннинг хўжалик фаолияти туфайли ўзгартирилган ландшафтни тушунмоқ лозим» деган ғояни илгари суради.[8] Бу ғоя антропоген ландшафтшуносликнинг вужудга келиши шу даврнинг талаби эканлигини билдирса, А.М.Рябчиков (1972) ландшафт сферасида тарихан таркиб топган ландшафтларнинг барчаси инсон таъсирида муайян даражада ўзгарганлигини эътироф этиб, ҳозирги ландшафтлар антропоген ландшафтларнинг маълум даражада ўзгартирилган табиий ландшафтлар билан худудий бирикмасидан иборат деб таъкидлайди.[7]

Ф.Н.Мильковнинг (1970) “Ландшафтная сфера Земли” номли китобида “инсон томонидан ўзгартирилган ва барпо этилган комплексларни ўрганиш билан антропоген ландшафтшунослик шуғулланиши керак”, деб таъкидлаб ўтганидан сўнг ландшафтшунослик таркибида янги бир илмий йуналиш - антропоген ландшафтшунослик шакллана бошлади. Инсон фаолияти туфайли ўзгартирилган географик комплексларни антропоген ландшафт деб атаймиз.[4] С.В.Калесник (1970), А.Г.Исаченколар фикрига кўра ландшафтнинг тўлиқ ўзгариши учун унинг геологик асоси, яъни фундаменти ҳам ўзгариши керак деб таъкидлайди, лекин биз бу фикрга қўшилмаймиз.[3]

Ўтган даврлар мобайнида антропоген ландшафтларни тадқиқ этишга, уларни баҳолаш ва карталаштириш масалаларига бағишланган кўплаб илмий ишлар бажарилди. Буларга В.И.Федотов (1985) Ўрта рус баландлиги ўрмон-дашт зонасида вужудга келган техноген ландшафтларни, Г.И.Гришанков (1972) Тоғли Қримдаги, Н.А.Гвоздецкий (1977) ва А.Е.Федина (1977) лар Кавказ ўлкасидаги антропоген ландшафтларни тадқиқ этишади ва карталаштириш ишларини амалга оширишади. Ўрта Осиё, хусусан мамлакатимиз ҳудудидаги антропоген ландшафтларни ўрганишни А.А.Абдулқосимов бошлаб берди ва ўзига хос илмий мактабга асос солди. Ўзбекистоннинг антропоген ландшафтларини ўрганишда А.А.Абдулқосимов (1966, 1972, 1983, 2013), Б.В.Виноградов (1977), Х.Ваҳобов (1998, 1999), А.А.Абдулқосимов, ЮАбдураҳмонова (1998, 2001, 2002), А.Абдулқосимов, Қ.Ярашев (2014), А.Абдулқосимов, Ю.Абдураҳмонова, К.Давронов (2017), А.Абдулқосимов, М.Назаровларнинг (2012) Ўзбекистон ҳудудлари мисолида олиб борган тадқиқот ишларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Шунингдек, антропоген ландшафтларни ўрганишда А.А.Рафиқов, А.Мақсудов, Ш.С.Зокиров, С.Б.Аббосов, С.И.Абдуллаев, К.М.Боймирзаев, Р.Й.Ҳолиқов, И.Х.Жанкобилов, Ш.Дусанова, М.С.Шамуратов ва бошқа тадқиқотчиларнинг хизматлари катта бўлди.

А.А.Абдулқосимов (2004) нинг таъриф беришича, антропоген ландшафт Ер ландшафт сферасининг кучли ўзгарган ва ўзгартирилган қисми бўлиб, инсоннинг хўжалик фаолияти туфайли шаклланган. Айрим манбаларда антропоген ландшафт тушунчасининг синоними сифатида “маданий ландшафт”, “ўзгартирилган ландшафт”, “техноген ландшафт”, “антропоген геосистема”, “бунёдкорлик геосистемалари” каби терминлар ҳам қўлланилади.[1]

Таҳлил ва синтезларга асосланиб, табиатда макон ва замонда антропоген ландшафтлар мавжуд деб эътироф этамиз ҳамда антропоген ландшафт деб, дастлабки табиий хусусиятлари инсон таъсири натижасида тубдан ўзгартирилган, келиб чиқиши нуқтаи назаридан хилма хил бўлган, сунъий омиллар таъсирида антропоген модификацияланган ҳамда ўзининг мустақил генетик қаторига эга бўлган географик комплексларни тушунамиз. Уларга агроландшафтлар, саноат-техноген ландшафтлар, йўл-коммуникацион, ирригацион, туристик-рекреацион геотехсистемалар, селитеб, мадфун ва сакрал ландшафтлар мисол бўлади. Антропоген ландшафт тўғрисидаги таърифдан шуни кўриш мумкинки, инсоннинг хўжалик фаолияти натижасида ҳозирги даврда муайян ҳудуд табиатидан фойдаланиш жараёнида вужудга келган антропоген ландшафтларнинг мавжудлигини кўпчилик олимлар эътироф этишади. Аммо, антропоген ландшафтларнинг терминологик тизимга солиш ва таснифлашга доир масалаларда ҳанузгача якдиллик йўқ.

Антропоген ландшафтлар ҳамма географик зоналарда, тоғли ўлкаларда учрайди ва улар турли хил зонал шароитларда вужудга келади. Ҳар бир зона ўзининг антропоген ландшафтлар спектрига эга. Масалан, арид зона учун воҳали-шаҳар, воҳали-қишлоқ, воҳали-қишлоқ хўжалиги, ирригацион, воҳали кучли намланган, баҳорикор қишлоқ хўжалиги каби антропоген ландшафтлар характерлидир.

Ҳозирги ландшафтларни антропоген омиллар таъсирида ўзгариши (антропоген модификацияланиш) даражасига кўра тасниф қилиш мақсадида мавжуд масалага доир адабиётлар (А.Г.Исаченко, А.М.Рябчиков, Ф.Н.Мильков, А.А.Абдулқосимов, C.И.Абдуллаев ва бошқалар) билан танишув ва таҳлил қилиш асосида ҳозирги ландшафтларнинг 4 та асосий гуруҳи: 1)табиий (бирламчи) ландшафтлар, 2) табиий-антропоген ландшафтлар, 3) қайта табиийлашган (ренатурлашган) ландшафтлар ва 4) антропоген ландшафтларга ажратиш мумкин.

Антропоген ландшафтшунослик нисбатан янги илмий йўналиш бўлганлиги сабабли унда ҳанузгача ечимини топмаган муаммоли ва мунозарали масалалар жуда кўп. Шулардан бири қайси ландшафт қай даражада антропогенлашган ва уларни антропоген ландшафтлар деб аташ мумкинми ёки йўқ, табиий ландшафт қачон антропоген ландшафтга айланади, табиий ландшафтларни антропоген ландшафтларга айлантирилиши учун компонентлар қай даражада ўзгартирилиши лозим бўлади каби саволлардир. Антропоген ландшафтлар табиий ландшафтлардан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Антропоген ландшафтлар учун биологик айланма ҳаракат, сув–иссиқлик баланси, тупроқ жараёнлари, жонли организмларнинг сони ва турлар таркибининг қайта тузилиши хосдир. Антропоген ландшафтларнинг ўзгариши туб табиий ландшафтларнинг ўз–ўзидан ривожланишига нисбатан анча тезроқ содир бўлади. Антропоген ландшафтларнинг бу хусусияти улардан фойдаланиш жараёнида бир томондан нохуш ўзгаришларга жиддий эътибор беришни, бошқа томондан эса қисқа вақт давомида (бир авлод ҳаёти давомида) ландшафтларни тартибга солиб туриш ва қайта тузиш имкониятлари мавжудлигини кўрсатади.

Антропоген ландшафтларни структурасини аниқлаш, таснифлаш принциплари ва таксономик бирликлар қаторини ишлаб чиқиш ва уларни чегаралаш, ички ва ташқи алоқадорликларни, модда ва энергия алмашиниш қонуниятларини, шу жумладан ўзаро таъсир этиш, яъни интеграция механизмини аниқлаш, динамик хусусиятларини таҳлил қилиш, ландшафтлар ўзгаришини ҳамда янги шаклларини вужудга келтирувчи инсон фаолиятининг қандай турлари антропоген ландшафтларни шаклланишида муҳим эканлигини баҳолаш ва прогнозлашнинг турли методларини ишлаб чиқиш ҳамда мавжуд методларни такомиллаштириш, шунингдек, уларни тадқиқ этишда замонавий, аэрокосмик ва инновацион методларни қўллаш бугунги куннинг долзарб муаммолардан ҳисобланади.

Антропоген ландшафтларни тадқиқ қилишда тизим (система)ли тамойил энг асосийлардан ҳисобланади. Ландшафт А.Г.Исаченко (1991) таърифича: маҳаллий кўламдаги геотизимларнинг ўзига хос йиғиндисидан иборат бўлиб, ўзининг зонал ва азонал белгилари бўйича бир бутун ҳамда генетик жиҳатдан яхлит геотизимлардир.[2]

Ҳозирги босқичдаги асосий ёндашувлардан бири бу антропоген ландшафтларни тадқиқ қилишнинг геоэкологик усулдир. И.П.Герасимов ва бошқалар (1987) географияда геоэкологик усулнинг аҳамияти ва муҳимлигини эътироф этганлар. Геоэкологик усул – табиат ва жамият ўртасидаги ўзаро таъсир натижасида бир вақтда ҳамда атроф муҳит муҳофазасининг назарияси ишланаётган ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари ишлаб чиқилаётганда муҳим ҳисобланади.

Табиийки, антропоген ландшафтлар маълум даражада мураккаблиги ва хилма-хиллиги билан характерланади. Улардаги мураккаблик энг аввало улардаги турли объектларнинг ўзаро таъсири, турли даражадаги динамикага эга эканлиги, барқарорлик, эластиклик, ўз ҳатти-ҳаракатларининг хилма-хиллиги ва ноаниқлиги билан белгиланади. Шунга қарамай антропоген ландшафтлар жамият қонунлари билан эмас, балки табиат қонунлари асосида ривожланади. Шу туфайли табиий ландшафтларни ўрганувчи усул (метод)лар – экспедиция, аэрокосмик, ландшафт – индикация, картографик ва бошқалар антропоген ландшафтларни ўрганишда тўлиқ қўлланилиши мумкин. Антропоген ландшафтларни тадқиқ қилиш мақсадида: картографик, палеогеографик, табиий аналоглар, дистанцион, ландшафт-индикация, ландшафт-геокимё, дала тадқиқот усулларидан фойдаланиш кутилган самараларни бериши аниқ.

Антропоген ландшафтлар бошқа ландшафтлардан фақат географик хусусиятлари билан эмас, балки ички структурасининг мураккаблиги, структурали-динамик ривожланиши билан ҳам фарқ қилади. Антропоген ландшафтларни таснифлашда ҳар томонлама пухта ўйланган таксономик бирликлар системасини ишлаб чиқиш, турли муддатлар учун антропоген ландшафт прогнозлаштиришни амалга ошириш, уларнинг геоэкологик ҳолатини ўрганиш, вужудга келган геоэкологик ҳолатларни яхшилашга доир чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш тадқиқот ишимизнинг олдида турган муҳим вазифалардан эканлигини таъкидлаш лозим.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  • 1.    Абдулкасимов А.А., Абдулкасимов А., Абдулкасимов И. Антропогенные ландшафты Средней Азии и вопросы экологии. -Т., 2004. -260 с.

  • 2.    Исаченко    А.Г.    Ландшафтоведение    физико-географическое

    районирование. – М.: Высшая школа, 1991. – 368 с.

  • 3.    Калесник С.В. Общие географические закономерности Земли. М.: Мысль, 1970. -283 с.

  • 4.    Мильков Ф.Н. Ландшафтная сфера Земли. -М., 1970. -208 с.

  • 5.    Назаров М.Г. Қашқадарё вилоятининг антропоген ландшафтларини таснифлашнинг айрим масалалари // Илм-фан ва инновация. Илмий-амалий конференция материаллари. -Қарши, 2013. –Б.71-74.

  • 6.    Назаров М.Г. Қашқадарё ҳавзасининг антропоген ландшафтлари ва уларнинг геоэкологик ҳолати // PhD дисс. автореф. –Самарқанд, 2020. -19 б.

  • 7.    Рябчиков А.М. Структура и динамика геосферы, её естественное развитие и изменение человеком. -М.: Мысл, 1972. –178 с.

  • 8.    Саушкин Ю.Г. Культурный ландшафт // Вопросы географии, вып. 1. -М., 1946. -С. 97-106.

"Экономика и социум" №3(94)-2 2022

Список литературы Антропоген ландшафтларни тади-этишнинг илмий ва назарий асослари

  • Абдулкасимов А.А., Абдулкасимов А., Абдулкасимов И. Антропогенные ландшафты Средней Азии и вопросы экологии. -Т., 2004. -260 с.
  • Исаченко А.Г. Ландшафтоведение физико-географическое районирование. - М.: Высшая школа, 1991. - 368 с.
  • Калесник С.В. Общие географические закономерности Земли. М.: Мысль, 1970. -283 с.
  • Мильков Ф.Н. Ландшафтная сфера Земли. -М., 1970. -208 с.
  • Назаров М.Г. Қашқадарё вилоятининг антропоген ландшафтларини таснифлашнинг айрим масалалари // Илм-фан ва инновация. Илмий- амалий конференция материаллари. -Қарши, 2013. -Б.71-74.
  • Назаров М.Г. Қашқадарё ҳавзасининг антропоген ландшафтлари ва уларнинг геоэкологик ҳолати // PhD дисс. автореф. -Самарқанд, 2020. -19 б.
  • Рябчиков А.М. Структура и динамика геосферы, её естественное развитие и изменение человеком. -М.: Мысл, 1972. -178 с.
  • Саушкин Ю.Г. Культурный ландшафт // Вопросы географии, вып. 1. -М., 1946. -С. 97-106.
  • EDN: ZBAODB