Фермер хўжаликларида ўшимча тармони ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар
Автор: Калимбетов Х., Сейилбеков Б., Айданиязова Б., Ибрагимова С.
Журнал: Мировая наука @science-j
Рубрика: Основной раздел
Статья в выпуске: 5 (110), 2026 года.
Бесплатный доступ
Ushbu maqolada mualliflar qo'shimcha sanoat tarmoqlarini yaratish zarurati asosida fermer xo'jaliklarini rivojlantirish va fermerlar faoliyatidagi muammolarni ochib berishdi.
Кўп тараққиёт фермерлик, қишлоқ хўжалигини ижтисёслаштириш, иқтисодий иқтисод
Короткий адрес: https://sciup.org/140315973
IDR: 140315973
Экономические отношения при налаживании деятельности дополнительных отраслей
В данной статье авторы раскрыли проблемы развития фермерских хозяйств и деятельности фермеров исходя требование на создание дополнительных отрасле.
Текст научной статьи Фермер хўжаликларида ўшимча тармони ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар
Бугунги кунда қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйган фермер хўжаликлари кўп тармоқли фермер хўжаликлари сифатида ривож топмоқда. Хусусан, фермер хўжаликларининг фаолияти, қачон ва қандай ҳолатларда кўп тармоқли фермер хўжалиги сифатида номланиши борасида аниқ ҳуқуқий асослар шакллантирилмаган. Шу боис бизнинг назаримизда:
“Кўп тармоқли фермер хўжаликлари” – бу ер участкаларини узоқ муддатли ижарага олиш пайтида кўзда тутилган ишлаб чиқариш йўналиши бўйича белгиланган етакчи тармоққа нисбатан қўшимча равишда қонунларда тақиқланмаган бошқа фаолият турларини ташкил қилиш (моддий ва номоддий ишлаб чиқариш) орқали товар ишлаб чиқаришни ташкил этган фермер хўжаликларидир.
Янгидан ташкил қилинган қўшимча тармоқлар фермер хўжалиги учун ажратиб берилган ер майдонлари, ёки фермер хўжалигининг ноқишлоқ хўжалиги ер майдонларидан ташқарида ҳам жойлашган бўлиши мумкин.
Умуман олганда фермер хўжаликларида қўшимча тармоқларни ташкил қилиш – хўжаликнинг етакчи фаолият тури бўйича етиштириладиган маҳсулотлар билан биргаликда, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа соҳалардаги фаолият юритишни ташкил этиш орқали (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, турли йўналишларда хизматлар кўрсатишни ташкил этиш каби) фермер хўжалигининг иқтисодий аҳволини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар мажмуидан иборат.
Бизнинг назаримизда фермер хўжаликларида қўшимча тармоқлар фермер хўжаликларининг етакчи тармоғи билан технологик жиҳатдан уйғунликда ёки етакчи тармоқ билан технологик жиҳатдан боғлиқ бўлмаган йўналишларда ҳам йўлга қўйилиши мумкин. Кўп тармоқли фермер хўжаликларида юқорида таъкидланганидек етакчи тармоқ бу хўжаликнинг ташкил қилиниши пайтида белгиланган ихтисослашув йўналиши бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиш ҳисобланади. Хусусан (1.5-расм):
Фермер хўжаликларида қўшимча тармоқ етакчи тармоқ фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш (моддий ёки номоддий ишлаб чиқариш) йўналишларида ташкил этилган ҳолатларда қуйидаги расмда кўрсатилган фаолият турларидан бири ёки бир нечтаси танланиши мумкин (1.1-расм).
Фермер хўжаликларида қўшимча тармоқларни ташкил қилишда фермер хўжаликлари тадбиркор сифатида ўз хусусий манфаатлари доирасида фаолият юритгани ҳолда, қўшимча тармоқларни ташкил этган тўлиқ ихтиёрий равишда амалга оширилиши лозим. Шундагина фермерда эркин бозор талабларига мослашиш имкони пайдо бўлади, таннархи рақобатга бардошли маҳсулотлар етиштириб бозорга тақдим этишга юқори даражадаги манфаат юзага келади.
-
1.1- расм. Фермер хўжаликларида етакчи тармоқлар билан технологик уйғунликда ташкил қилинадиган қўшимча тармоқ таркиби 1
Қўшимча тармоқлар ташкил қилиниши фермер хўжаликлари учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасининг мавсумийлик хусусиятини юмшатиш ҳисобига мавжуд моддий-техник ресурслар, айниқса иш кучидан самарали фойдаланиш ҳисобига молиявий барқарорликка эришиш манбаи ҳисобланиши билан биргаликда, ҳудудларда бозорлар тўкинчилиги, нарх- навонинг барқарорлиги, қишлоқ жойларида қўшимча иш ўринлари ташкил қилиниши ҳисобига жамият учун ҳам манфаатли фаолият ҳисобланади.
Айни пайтда таъкидлаш лозимки, фермер хўжаликларида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадлари доирасида қўшимча тармоқларда етиштирилган маҳсулотлар ходимлар учун “ижтимоий пакетлар” доирасида ҳам сарфланиши мумкин. Тадқиқотлар кўрсатишича, фермер хўжаликларида қўшимча тармоқларни ривожлантиришда ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина бўлиб, бизнинг назаримизда улар асосан қуйидагилардан иборат
(1.2-расм).
-
1.2- расм.Фермер хўжаликларида қўшимча тармоқларнинг етакчи тармоқ билан технологик боғлиқ бўлмаган ҳолда ташкил этиш йўналишлари 2
Тадқиқотлар кўрсатишича, аксарият ҳолларда фермер хўжаликларида етакчи тармоқларга мавжуд ресурсларни (иш кучи, интеллектуал салоҳият ва молиявий ресурслар) йўналтиришиб, қўшимча тармоқлар иккинчи даражали тармоқ сифатида қаралиши ёки қўшимча тармоқларнинг фойдаси кўлами тўғрисидаги иқтисодий таҳлиллар етишмаслиги масалани қийинлаштиради.
-
1.3- расм.Фермер хўжаликларида қўшимча тармоқни ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар 3
Бу эса ўз-ўзидан қўшимча тармоқларнинг аҳамиятини пасайтиради. Ёки қўшимча тармоқлар ҳар томонлама бозорни ўрганган ҳолда ва фермер хўжалигининг ички иқтисодий имкониятларини (ер майдонлари мавжудлиги, етарли миқдордаги сув таъминоти, иш кучининг мавжудлиги, қўшимча тармоқ ҳисобига олинган маҳсулоларни сотиш имокниятлари) ҳисобга олмасдан ташкил этилиши ҳам кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади.
Масалан, кўп ҳолларда пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларида асосий тармоқ ҳисобланган пахтачилик ва ғаллачиликка йил давомида катта эътибор қаратилиб, барча ресурслар сафарбар қилингани ҳолда қўшимча тармоққа эътибор сусайиши натижасида қўшимча тармоқдан олинадиган иқтисодий самара ҳам одатда жозибасиз бўлади.
Узоқ қишлоқларда қўшимча тармоқ сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ёки иссиқхоналарни ташкил қилган фермер хўжаликлари учун газ таъминотидаги муаммолар ёки электр энергияси етказиб бериш борасидаги узилишлар қўшимча тармоқлар ривожланишига катта салбий таъсир кўрсатади. Масалан, ҳозирда давлат буюртмасидан ортиқча буғдой фермер хўжаликлари ихтиёрида қолади. Буғдойнинг асосий қисми ун ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Демакки буғдойни қайта ишлаш имконини берадиган, кичик цехларда ва айниқса уй шароитида фойдаланиш мумкин бўлган кичик технологик ускуналар харид қилиш зарурати республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам мавжуд. Фермер хўжаликлари ихтиёрида қоладиган буғдойни қайта ишлаш имконияти ортиши эса ўз ўрнида қишлоқ жойларида долзарб бўлган паррандачиликни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради. Бу эса қишлоқ оилаларида паррандаларни сақлайдиган қафасчаларга талаб ортишига олиб келади.
Қўшимча тармоқларни ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни юритиш учун фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, қўшимча тармоқлар учун техник-иқтисодий асосномалар тайёрлаш, бизнес режалар тузиш, маҳсулотларни сотиш имкониятларини таҳлил қилиш, ишлаб чиқаришни ташкил қилишдаги молиявий таваккалчиликлар тўғрисида фермер хўжаликларига хизматлар кўрсатиш ва ахборотлар етказиб бериш тизимларини ривожлантириш тақозо қилинади. Шу боисдан қишлоқларда жойлашган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги касб ҳунар коллежлари қошида фермер хўжаликларини ўқитиш ва малакасини оширишга қаратилган мунтазам курсларни ташкил этиш замон талабига айланмоқда.