Саноат ишлаб чиариши ва геоэкология
Автор: Сулаймонов И.О.
Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium
Рубрика: Основной раздел
Статья в выпуске: 3-2 (94), 2022 года.
Бесплатный доступ
Мазкур мақолада ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаларининг ташкил этилиши, кам чиқиндили ва чиқиндисиз технологияларнинг қўлланилиши натижасида иқтисодиёт, экология ва табиий атроф-муҳитда содир бўладиган ўзгаришлар акс эттирилган.
Ишлаб чиқариш, чиқинди, кам чиқиндили технология, чиқиндисиз технология, утилизация, иккиламчи хом ашё, ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаси, оптималлаштириш
Короткий адрес: https://sciup.org/140292809
IDR: 140292809
Текст научной статьи Саноат ишлаб чиариши ва геоэкология
Замонавий саноат ишлаб чиқаришнинг йилдан-йилга ортиб бориши натижасида, иқтисодиётнинг ривожланиши, аҳоли турмуш даражасининг юксалиши билан бир қаторда экология ва атроф муҳитга бўлган салбий таъсири хам ортиб бормоқда.
Шунга кўра, сўнгги йилларда оммавий ишлаб чиқаришни, айниқса унинг амалий жиҳатларини кўкаламзорлаштириш муаммосига тобора кўпроқ эътибор берилмоқда. Ушбу муаммони ҳал қилиш табиат ва иқтисодиёт ўртасидаги қарама-қаршиликларни камайтиришга ва одамлар учун қулай бўлган муҳитни сақлашга йўналтирилган ўзаро боғлиқ техник, технологик ва ташкилий чораларни амалга оширишни талаб қилади.
Юқори техноген босим шароитида иқтисодиётнинг нормал ишлаши анъанавий технологияларни экологик нуқтаи назардан янги, илғор технологияларга алмаштириш, чиқиндиларни тежаш, ишлаб чиқариш жараёнларининг моддий ва энергия зичлигини пасайтириш, бузилган ерларни ўз вақтида қайта тиклаш, табиий ресурслардан мажмуали фойдаланишни ташкил этиш орқали қўллаб-қувватланади.
Муҳим экологик ва иқтисодий муаммолардан бири бу чиқиндиларни кескин камайтириш ва кам чиқиндили ишлаб чиқаришни жорий этишдир. Бизга маълумки, табиий материалларнинг атиги 10-12 фоизи тайёр маҳсулотга, қолган қисми чиқиндиларга кетиши аниқланган, шу билан бирга чиқиндиларни утилизация қилиш ҳажми 3-4 фоиздан ошмайди.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда чиқиндиларидан фойдаланиб бўлмайдиган корхоналар жуда кам. Халқ хўжалигининг аксарият тармоқларида чиқиндилар қимматбаҳо иккиламчи хом ашё ҳисобланади, улардан мажмуали фойдаланиш эса каттагина фойда келтиради. Жумладан, уни алюминий ишлаб чиқаришда қўллаш капитал қўйилмаларни 40% га камайтиришга, энергия сарфини 25% га камайтиришга ва бир вақтнинг ўзида истеъмол қилинадиган сувни тежашга имкон беради.
Ишлаб чиқариш чиқиндиларидан оммавий фойдаланишни ортга тортувчи омиллар: чиқиндиларни "бировнинг маҳсулоти" деб ҳисоблайдиган вазирликларнинг идоравий ёндашуви, маблағлар ва жиҳозларнинг етишмаслиги, ишчилар ва муҳандис-ходимларни рағбатлантиришнинг такомиллашмаганлиги. Халқ хўжалигининг турли соҳаларида чиқиндиларни ишлатишнинг мақсадга мувофиқлиги, қурилиш ва бошқа материаллар ишлаб чиқариш учун маълум турдаги хом ашёнинг чекланган манбалари билан белгиланади. Бундан ташқари, чиқиндиларни ишлатиш кўпинча вақтни талаб қиладиган ишларни, масалан, сақлаш жойига ташлаб юбориш ва ахлатхоналарни ҳосил қилиш, катта майдонларни эгаллаб олиш ва атроф-муҳитни ифлослантириш каби экологик-иқтисодий муаммоларни бартараф қилади.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда кўмир саноати корхоналарининг чиқиндиларидан фойдаланиш долзарб муаммо ҳисобланади.
Ғишт ишлаб чиқаришда чиқинди тоғ жинсларидан асосий хом ашё ва қўшимчалар сифатида фойдаланилади.
Девор учун қоплама керамика ишлаб чиқаришда кўмир тайёрлаш чиқиндиларидан фойдаланиш орқали маҳсулот таннархини пасайтиради, шунингдек, каръерларда соз тупроқ қазиб олиш харажатларини бартараф этади. Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш учун сланец қазиб олиш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар муҳим хом ашё ҳисобланади.
Шахталар ва бойитиш фабрикаларининг жинсларидан қимматбаҳо материаллар (алюминий, темир, нодир металлар ва бошқалар) ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин. Баъзида кон жинслари паст навли ёқилғи сифатида ишлатилади. Фаол эрозияга учрамайдиган юпқа ясси чиқинди тоғ жинслари кўпинча биологик ривожланиш учун яроқли ҳисобланади.
Шахталар ҳавосидаги иссиқликни утилизация қилиш амалий аҳамиятга эга бўлиб, у шахталарнинг чуқур қисмларидаги ҳавони шамоллатиш қурилмалари орқали кўп миқдорда киради. Йил давомида кўплаб чуқур руда конларидан чиқадиган ҳаво ҳарорати иссиқхоналардаги ҳаво ҳароратига мос келади. Бу эса сабзавот ва меваларни етиштириш учун шахталарни шамоллатиш мосламалари иссиқлигидан фойдаланиш мумкинлигини ва охир оқибатда бекорга ҳавога учиб кетаётган иссиқликдан юқори самара олишда фойдаланиш имкониятини яратади.
Қурилиш материаллари саноати бошқа саноат чиқиндиларидан (ИЭС чиқиндилари, шлак ва кул, кимё ва нефт-кимё саноатидаги чиқиндилар, ёғочни қайта ишлаш ва бошқалар) фойдаланиш бўйича етакчи ҳисобланади. Енгил саноат чиқиндилари ҳам қайта ишланади, гарчи ушбу саноатнинг уларни шаклланишидаги улуши кам бўлса ҳам. Пойабзал ишлаб чиқаришда чармсифат резиналар чиқиндилари, мўйна қийқимлари, кигиз чиқиндилари деярли қайта ишланмайди.
Сўнгги пайтларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш муаммоларини ҳал қилиш учун хом ашёни мажмуали қайта ишлаш асосида кам чиқиндили ишлаб чиқаришларни яратиш масаласига катта эътибор берилмоқда.
Кам чиқиндили (чиқиндисиз) ишлаб чиқариш деганда, жалб қилинган табиий ресурслар кам сарфланадиган, хом ашё ҳар томонлама қайта ишланадиган ва ҳосил бўлган чиқиндилар максимал даражада ишлатиладиган ишлаб чиқаришларнинг комбинацияси тушунилади.
Ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари, кластерлар шароитида кам чиқиндили ишлаб чиқаришни яратиш муаммолари тўлиқ ҳал қилиниши мумкин.
Н.Н. Баранский ва Н.Н Колосовский томонидан яратилган ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари ўзаро боғлиқ корхоналарни гуруҳларга жойлаштириш, табиий ресурслардан комплекс фойдаланиш, хизмат кўрсатиш ва ёрдамчи корхоналарни ташкил этиш, қурилиш майдончалари ҳажмини камайтириш, хом ашё ва чиқиндиларни ташиш харажатлари ва бошқаларни ўз ичига олади ҳамда меҳнат ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, капитал қўйилмалар алоҳида корхоналарни қуриш билан таққослаганда 20-30 фоизга камаяди.
Ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг энг прогрессив шакли ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари ҳисобланади. Улар табиий атроф-муҳитни сақлаш ва хом ашё ва чиқиндилардан максимал даражада фойдаланишни таъминлайдиган бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган корхоналар йиғиндисидир.
Бундай мажмуаларнинг фаолияти табиий, моддий ва меҳнат ресурсларининг энг оқилона мутаносиблиги билан белгиланади.
Таркибий жиҳатдан ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари қуйидаги тизимлардан иборат:
-
1) ихтисослашган етакчи корхоналари;
-
2) ихтисослашган етакчи корхоналарга жиҳозлар ва материалларини етказиб берадиган қўшимча корхоналар;
-
3) ишлаб чиқариш чиқиндиларидан фойдаланиш корхоналари.
Хусусиятлари ва функционал жиҳатларига қараб, кам чиқиндили ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига таъсир қилади. Бундай мажмуаларнинг фаолияти, ўз навбатида, жуғрофий жойлашуви, ҳудудий ишлаб чиқариш алоқалари, шунингдек, табиий муҳитнинг турли таркибий қисмлари билан ўзаро муносабатларига таъсир қилади.
Кўпгина ҳолларда ҳудудий ва маҳаллий (саноат бўлинмалари, саноат марказлари ва бошқалар) ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари ажратилади. Ҳозирги вақтда биз фақатгина маҳаллий кам чиқиндили ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари ишлаши ҳақида гапиришимиз мумкин, чунки бундай турдаги минтақавий комплексларни яратиш келажакнинг вазифасидир. Келгусида ҳудудий кам чиқиндили ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаларини босқичма-босқич шакллантириш керак, чунки маҳаллий мажмуалар каттароқ қисмларга бирлашади.
Битта корхона доирасида барча хом ашё массасини тўлиқ ўзлаштириш амалий жиҳатдан кўпинча имконсиздир. Бинобарин, корхона кўп ҳолларда кам чиқиндили ишлаб чиқаришнинг асосий бўғини бўла олмайди. Бундай ҳужайра кўпинча маҳсулот ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарини, шунингдек, тозалаш иншоотларини ўз ичига олган маҳаллий ҳудудий-ишлаб чиқариш мажмуасидир. Масалан, кўмир саноатида маҳаллий мажмуа кўмир кони, бойитиш фабрикаси, тошни қайта ишлаш ва қурилиш материаллари корхоналари, шунингдек, чиқинди сувларни тозалаш ва деминерализация қилиш заводи ва шўрларни утилизация қилишни ўз ичига олиши мумкин.
Ҳақиқатда ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари кам чиқиндили мажмуага айланиши биринчи навбатда, янги иқтисодий объектларни жойлаштириш ва мавжудларини реконструкция қилиш ҳамда табиий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш даражаси билан белгиланади. Шу билан бирга, қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари билан бир қаторда хизмат кўрсатиш корхоналарининг ривожланиши билан ҳам белгиланади.
Ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуалари доирасида энг самарали усул хом ашё ва чиқиндиларни ишлатишда мажмуаликни, шунингдек, турли соҳалардаги корхоналарнинг ҳамкорлигини таъминлаши мумкин. Бу ерда баъзи саноатнинг чиқиндилари бошқалар учун хом ашё ҳисобланади. Масалан, қурилиш материаллари саноати корхоналари металлургия, тоғ-кон, энергетика ва бошқа саноат чиқиндиларининг катта миқдоридан фойдаланишлари мумкин. Бу ҳолат фойдаланилмасдан табиий атроф-муҳитни ифлослантираётган чиқиндиларнинг сезиларли камайишига шароит яратади.
Чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини оқилона тақсимлаш масалалари уларнинг хусусиятларини чуқур ва ҳар томонлама таҳлил
қилиш асосида ҳал қилиниши керак. Табиий ресурслар ва чиқиндилар билан таъминлашда туманнинг имкониятлари билан саноат корхоналари ва ташкилотларининг ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олиш муҳимдир. Чиқиндиларни ишлатадиган корхоналарнинг жойлашуви, уларнинг таркиби, кўлами кўп жиҳатдан минтақанинг табиий захираларига ва халқ хўжалигининг тармоқларига (шу жумладан аҳолининг эҳтиёжларини қондирадиган соҳаларга) боғлиқдир.
Барқарор ривожланишнинг асосий мезони бу ҳаёт даражаси, умр кўриш давомийлиги, фаровонлик даражаси, таълим даражаси ва атроф-муҳит ҳолати каби таркибий қисмлар билан белгиланади. Бу борада айрим кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон дунёнинг ривожланган мамлакатларидан орқада қолмоқда.
Корхоналар, саноат ва маиший чиқиндиларнинг жойлашувини оптималлаштириш учун чиқиндиларни қайта ишловчи мавжуд корхоналари ҳолати, ушбу турдаги янги корхоналарнинг жойлашуви ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари, чиқиндилар турлари, уларнинг сифати ва анъанавий хом ашё ўрнини боса олиши тўғрисида маълумотлар олиниши зарур.
Кам чиқиндили ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаларини яратишда нафақат бир хил турдаги ишлаб чиқаришни бирлаштириш, балки турли хил хом ашё ва чиқиндиларни қайта ишловчи ишлаб чиқаришларни ҳам бирлаштириш зарур бўлади. Шу билан бирга, мажмуага қўшилиши режалаштирилган тармоқларнинг ишини аниқ миқдорий ва сифатли таҳлил қилиш зарур. Кам чиқиндили ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаларини шаклланишининг шарти бошқа минтақалар ва мажмуаларда хом ашё, энергия ва меҳнат ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобланади.
Режалаштирилган кам чиқинди ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаларининг ҳажмига қараб уларнинг вазифалари аниқланади. Кам чиқиндили ҳудудий ишлаб чиқариш мажмуаларини ёки уларнинг алоҳида бўғимларини режалаштиришда иқтисодий районлар ва саноат марказлари ҳудудий асосга айланиши мумкин, чунки уларнинг чегараларида ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши ва тарқалишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатадиган иқтисодий ва экологик омиллар батафсил ўрганилиб, имкон қадар ҳисобга олиниши керак.
Адабиётлар:
-
1. Begon M., Colin R. Townsend, and John L. Harper. Ecology. UK. 2006.
-
2. Одум Ю. "Экология асослари" - М. - 2005.
-
3. Мазур И.И. ва бошқалар. "Муҳандислик экологияси" - М. - 2006.
-
4. Мусаев М. Н. “Саноат чиқиндиларини тозалаш технологияси асослари”. - Тошкент, Ўзбекистон фалсафалари миллий жамияти нашриёти, -2011.
-
5. Фатоев И.И, Мавлянов Х.Н “Саноат экологияси”, Бухоро - 2006.
"Экономика и социум" №3(94)-2 2022
Список литературы Саноат ишлаб чиариши ва геоэкология
- Begon M., Colin R. Townsend, and John L. Harper. Ecology. UK. 2006.
- Одум Ю. "Экология асослари" - М. - 2005.
- Мазур И.И. ва бошқалар. "Муҳандислик экологияси" - М. - 2006.
- Мусаев М. Н. "Саноат чиқиндиларини тозалаш технологияси асослари".- Тошкент, Ўзбекистон фалсафалари миллий жамияти нашриёти, -2011.
- Фатоев И.И, Мавлянов Х.Н "Саноат экологияси", Бухоро - 2006.