Сурхон воасидаги айрим адимий меъморий обидалар амда уларнинг меъморий элементлари
Автор: Шарипов Б.Х., Эрданов П.Н.
Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium
Рубрика: Основной раздел
Статья в выпуске: 12-2 (91), 2021 года.
Бесплатный доступ
Ушбу мақолада Сурхондарё вилояти ҳудудидаги сақланиб қолинган айрим қадимий меъморчилик иншоотлари, кулолчилик, заргарлик каби моддий амалий санъат ҳисобланмиш қадимий ва шунинг билан бирга замонавий маданият ҳақида, қадимий ибодатхоналар, қадимий шаҳарсозликнинг ҳозирги замон архитектураси ва шаҳарсозлигигача алоқадор бўлган архитектура элементлари ва уларнинг янги давр меъморчилигидаги ўрни ҳақида ёритилмоқда. Бу билан қадимий шаҳар марказлари, шаҳар деворлари, аҳоли яшаш ҳудудлари, аҳоли яшаш тарзи, аҳолининг меҳнат фаолияти, ҳамда уларнинг ҳозирги давр меъморчилигидаги ўрнини, соҳага қизиқувчилар оммасига тақдим этишни хохладик. Қадимий архитектура ва шаҳарсозлигимиз ҳақида маълумот бериш, архитектура, шаҳарсозлик, бино-иншоотлар архитектураси йўналишида, кўприкларни, йўлларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг соҳага бўлган қизиқишининг ошишига сабаб бўлади. Илмга чанқоқ талабалар ва ёш мутахассисларга, тарихни ўрганиб, келажак архитектурасини яратиш йўлидаги изланишларида омад тилаймиз!
Қалъа деворлари - қадимда ғишт билан ўралган шаҳар атрофи деворлари, аҳолини турли ташқи хавф-хатарлардан ҳимоя қилиб турган, будда ибодатхоналари- қадимий буддистлар сиғинадиган манзилгоҳлари, қадимий меъморчилик - қадимий даврлар, архитектурасининг ҳозирги давр архитектураси адабиётларидаги аталиши, монументал ёдгорликлар - ҳайкалчалар, ўйма ва бўртма тасвирлар туширилган элементлар
Короткий адрес: https://sciup.org/140289110
IDR: 140289110
Текст научной статьи Сурхон воасидаги айрим адимий меъморий обидалар амда уларнинг меъморий элементлари
Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қисман сақланиб қолган меъморчилик бино ва иншоотлари, тўлиқ сақланиб қолинган меъморчилик бино ва иншоотлари, кулолчилик, кошинкорлик каби моддий амалий санъат ҳисобланмиш қадимий ва шунинг билан бирга замонавий маданият белгилари, ҳайкалтарошлик ва заргарлик каби амалий безак санъати ҳисобланмиш
қадимий меъморчиликнинг элементлари, уларнинг қадимий меъморчилик
ҳамда ҳозирги замон архитектураси ва шаҳарсозлигида тутган ўрни бетакрор.
Ўрта Осиё халқларининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида
қадимдан шаҳарларнинг барпо этилиши муҳим ўрин тутган. Шаҳарлар бир неча минг йиллар давомида шаклланган ва ривожланган давлатчилик анъаналари ва маҳаллий аҳоли турмуш тарзини акс эттирувчи мезонлардан биридир. Қадимдан, кишилик жамиятида аҳолининг жойлашуви ва демографияси, ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг даражаси турлича бўлган, маданий тараққиётнинг айрим жиҳатлари билан бир-биридан фарқланувчи кўплаб катта ва кичик шаҳарлар мавжуд эди. Одатда шаҳар деворлари аҳолини турли ташқи хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш, шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётни осуда бошқариш ва бир маромда сақлаб туришда аҳамият касб этган.
Кўҳна Термиз обидалари ўзининг такрорланмаслиги билан ҳамиша қадимги давр муаллифлари, илк ўрта аср Чин сайёҳлари ва мусулмон даври тарихчиларининг диққати марказида бўлиб келганлиги кўпгина манбаларда учрайди. Кўҳна Термизда дастлабки археологик қазишма ишларига профессор Б.П.Денике (1926-1928-йиллар) бошчилик қилган ва Зурмала, Қоратепа каби
ёдгорликларни аниқлаган. Бунда олим шаҳар майдонида милодий VIII асргача маданий қатламлар мавжуд бўлганлигини исботлаган.
Кенг кўламдаги археологик қазишма ишларининг ўтказилиши профессор М.Е.Массон бошчилигида (1936-1938-йилларда) фаолият кўрсатган Термиз археологик экспедицияси билан боғлиқ.
Термизнинг Кушон даврига оид иншоотлари бу шаҳардаги мавжуд будда ибодатхоналари ва улардан топилган санъат намуналари Осиё ва Ҳиндистон алоқаларини ўрганишда янги саҳифани бошлаб берди. Қадимги Осиёнинг марказий вилоятларини, Қадимги Ҳиндистоннинг шимолий ерлари билан боғлаган "Буюк ипак йўли"нинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган савдо йўли ҳам айни шу кўҳна Термиз орқали ўтган.
Кўҳна Термиз харобалари ҳозирги Термиз шаҳридан 8-9 км жанубий ғарбда, Амударёнинг ўнг қирғоғида жойлашган. Қарийб 2500 йиллик тарихга эга Термиз Осиё халқлари маданий тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Кушонлар даврида Термиз 350 гектарда жойлашган бўлиб, унинг аҳолиси тахминан 50 минг кишини ташкил қилган. Ўз даврининг энг йирик шаҳарларидан бирига айланган Термизда қадимги Шарқ маданиятининг илғор йўналишлари уйғунлашган.
Термизнинг қадимги давридаги ички тузилиши ҳақидаги маoлумотлар жуда чекланган. Сабаби у даврда қурилган иморатлар кейинчалик текисланган ёки бир неча метр чуқурликда кўмилиб кетган.
Мовароуннахр орқали 630 йилда Термизга келган Сюань-Цян исмли Хитой сайёҳининг айтишича Қадимги Термиз шаҳрининг ҳудуди 20 ли (10 км) ни ташкил этган.
1980 йилдан буён Эски Термизда Ўзбекистон Республикаси ФА Археология институтининг Ш.Р. Пидаев бошчилигидаги Термиз экспедицияси кенг кўламда археологик қазишма ишлари олиб бормоқдалар.
Мазкур экспедиция ходимлари шаҳарнинг дастлабки шаклланиш жараёнларини аниқлаш мақсадида унинг арк қисмида, мудофаа иншоотларида, шаҳар маҳаллаларида, кулоллар устахоналарида кенг кўламда қазишма ишларини олиб бордилар. Натижада милоддан олдинги I-минг йилликдан тортиб, ХVII асрга қадар Термиз шаҳри халқларининг моддий ва маънавий ҳаётини ёритувчи кўплаб археологик далиллар қўлга киритилди.
Мазкур экспедиция таркибида Сурхондарёлик археолог олимлар Т. Аннаев, А. Бобохўжаев, Ш.Рахмонов, Ш. Шайдуллаевлар Эски Термиз ёдгорликларини ўрганишда фаол иштирок этдилар.
Сополлитепа Сурхондарё вилоятининг Музрабод тумани Шеробод чўлини кесиб ўтган Ўланбулоқсой ёқасида жойлашган жез даврига оид археологик ёдгорлик бўлиб, у 1968 йилда археолог Л.Альбаум томонидан топилган. 1969– 1974 йилларда археолог А.Асқаров томонидан ўрганилган. Сополлитепанинг майдони тахминан 3 гектарни ташкил этиб 1 гектарга яқин марказий қисми мудофаа деворлари билан ўраб олинган.
Сополлитепада ўтказилган археологик қазишмалар натижасига кўра, унинг марказий қисми мурабба (82х82м) шаклида қурилган қалъадан иборат. Қалъанинг томонлари уч қатор мудофаа деворлари билан ўраб олинган.
Қалъани ўраб олган деворлар тизими ички ва ташқи йўлак вазифасини бажарувчи бўлмалардан ташкил топган. Йўлаксимон қопқонлар 8 та бўлиб, улар қалъа ташқи мудофаа чизиғига параллел қилиб жойлаштирилган.
Улар ана шу кўчалар орқали 8 та маҳаллага бўлинган. Қалъа марказида эса очиқ майдон бор. Қалъа дарвозасидан бошланган кенг йўл ва тор кўчалар ана шу майдон билан боғланган.
Ҳозирги кунда вилоятимизда аниқланиб давлат муҳофазасига топширилган 320 та археология, 20 та архитектура, 220 та дан ортиқ монументал ёдгорликлари мавжуд бўлиб, улар ўз қиммати билан республикамизда салмоқли ўрин эгаллаб турибди. Воҳамизни чинакамига "Очиқ музей" деса бўлади. Бу ерда кўплаб ранг-баранг обидаларни учратиш мумкин. Уларнинг аксарияти умумбашарий санъат тарихидан муҳим ўрин олган.
Шаҳарлар атрофларидаги қўрғон деворлар шаҳарларни мудофаа қилиш ва шартли равишда маъмурий чизиқ (чегара) вазифасини ўтаган. Шартлилик шундан иборатки, юқорида айтиб ўтилганидек кўпгина шаҳарлар қўрғон деворидан ташқаридаги теварак билан функционал жиҳатдан чамбарчас боғлиқ бўлган. Қўрғон деворлари кўпроқ пахса ва хом гиштдан қурилган ва қалинлиги тепага қараб ингичкалашиб борган. Девор сиртидан ташқарига чиққан буржлар
ҳам функционал – девор тагига келиб қолган душманга ўқ узиш ҳамда бадиий – меъморий девор текислигининг пластикаси вазифаларини ўтаган.
Шаҳарларнинг тархий тизими
аксари қуйидагича бўлган. Ўртада шаҳарнинг асосий маркази бўлмиш бозор жойлашган. Бош кўчалар, биринчи даражали кўчалар марказдан радиал йўналишда тарқалган. Улар одатда шаҳарнинг қўрғон деворидаги дарвозалар мавжудлиги билан ажралади ва девор ортида бошқа шаҳар ва қишлоқларга олиб борадиган йўлга айланиб кетади. Бош кўчалар бир мунча тўғрилиги ҳамда бироз кенглиги билан характерланади. Шаҳар деворлари олдида кўп ҳолларда божхоналар жойлаштирилган.
Фойдаланилган адабиётлар:
-
1. " Кўҳна Термиз тарихидан лавҳалар ". Термиз.1991йил. Т. Аннаев. П. Жўраева
-
2. " ДРЕВНЯЯ БАКТРИЯ " Ленинград."Наука"1974г. Отв.ред. В.М. Массон
-
3. Ртвеладзе Э.В., Пидаев Ш., Кочнев Б. Термиз Буюк йўллар чорраҳасидаги кўҳна ва янги шаҳар. Тошкент.: 2001.
-
4. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 9-жилд, Тошкент.: 2005
-
5. " Путешествие по Средней Азии" .М. Вамбери А. 1867г.
"Экономика и социум" №12(91) 2021