Эркин итисодий зоналарнинг удудий ташкил этилишида жаон давлатлари тажрибаси

Автор: Шамсиева Р.Н.

Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium

Рубрика: Основной раздел

Статья в выпуске: 5-1 (96), 2022 года.

Бесплатный доступ

Мақолада эркин иқтисодий зоналарни ҳудудий ташкил этилишида хорижий давлатларнинг тажрибаларнинг ўрни, ушбу давлатлардаги эркин иқтисодий зоналарни географик ўрни, ҳудудларнинг ихтисослашуви ва функциялари ўрганилди. Эркин иқтисодий зоналарнинг порт шаҳарларга, аэропортларга, суст ривожланган ҳудудларда ташкил қилинганлик сабаблари, ривожланишидаги мезонлари ҳақида фикр юритилган. Бу борада хориж олимларининг фикр мулоҳазалари ва эркин иқтисодий зоналарни ривожлантиришдаги солиқ ва бож имтиёзлари тўғрисида маълумотлар ёритилган.

Эркин иқтисодий зона, коммуникация, логистика, инфратузилма, инвестиция, бож, солиқ, технопарк, технополис, махсус иқтисодий зоналар, умумий вазифали ҳудудлар, махсус вазифали ҳудудлар, функционал зоналар

Короткий адрес: https://sciup.org/140293126

IDR: 140293126

Текст научной статьи Эркин итисодий зоналарнинг удудий ташкил этилишида жаон давлатлари тажрибаси

Жаҳон талабларига мос равишда иқтисодиётни ривожлантириш ҳозирги кунда ҳар бир давлат учун долзарб вазифа бўлиб келмоқда. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳудудлар саноатини ривожлантириш ва иқтисодиётини барқарорлаштиришда турли мақсадларни кўзлаб эркин иқтисодий зоналар ташкил қилинмоқда. Эркин иқтисодий зона - янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий, рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, муҳандислик - коммуникация, йўл транспорт, ижтимоий инфратузилма ва логистика хизматларини ривожлантиришни таъминлаш мақсадларида ташкил этиладиган ҳудуд. Эркин иқтисодий зоналар -давлатлараро келишувларга ёки махсус қонунларга мувофиқ, хўжалик ва ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш учун имтиёз солиқ, молия ҳуқуқий шароитлар жорий қилинадиган муайян ҳудудлар бўлиб, хорижий ва маҳаллий тадбиркорларни жалб этиш мақсадларида ташкил этилади ва уларда зарур ишлаб чиқариш ҳамда иш юритиш инфратузулмаси барпо этилади. Эркин иқтисодий зоналар кўп ҳолларда давлатлараро туташ ҳудудларда (бир неча давлатларнинг чегаралари туташган ҳудуд) халқаро аэропортлар, порт шаҳарларда ёки транспорт йўллари туташган ҳудудларда ташкил қилинади. Дунёнинг бир қатор мамлакатларида хусусан, Хитой, АҚШ, Бразилия, Польша, Болгария, Япония, Жанубий Корея каби давлатларда ҳудудининг иқтисодий, сиёсий, табиий географик ва бошқа бир қатор қулайликларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодий зоналарни ташкил этиш зарурат ва анъанага айланиб бормоқда.

Эркин иқтисодий ҳудудларни ташкил қилишда замонавий жаҳон амалиётида икки хил консептуал ёндашувлар мавжуд бўлиб, ташкил этиш усулига қараб ҳудудлар бир биридан фарқланади:

  • 1.    Ҳудудий эркин иқтисодий зоналар;

  • 2.    Функционал (нуқтали) эркин иқтисодий зоналар.

Ҳудудий эркин иқтисодий зоналар – ажратилган ҳудудларда фаолият юритувчи барча резидентлар хўжалик юритишнинг имтиёзли тартибидан фойдаланади.    Бунга Хитойдаги эркин иқтисодий ҳудудлар ва

Бразилиядаги “Манаус” ҳудудини, ривожланган мамлакатлардаги экспорт ишлаб чиқариш ҳудудлари мисол бўла олади. Функционал (нуқтали) – фирма ёки корхона мамлакатнинг қайси қисмида жойлашса ҳам маълум турдаги фаолиятга қўлланиладиган имтиёзли тартибдан фойдаланади. Бундай ёндашувдаги Эркин иқтисодий ҳудудлар “нуқтали” ҳудудлар ҳисобланиб, уларга Кариб ҳавзасидаги алоҳида корхоналардан иборат оффшор марказлари, туристик ҳудудлар, Мексикадаги Макиладорас туридаги корхоналар, “дюти фри” магазинлари мисол бўла олади. Иқтисодий адабиётларда 30 дан ортиқ эркин иқтисодий ҳудуд турлари бўлиб, улар қуйидаги жиҳатлари билан фарқланади:

  • >    географик жойлашуви;

  • >    конфигурацияси;

  • >    худуд майдонининг катталиги;

  • >    ишлаб чи^ариш ресурсларининг мавжудлиги ва сифати;

  • >    эркин иктисодий худуднинг табиий, иктисодий ва бошка узига хос хусусиятлари;

  • >    давлат худудини ташкил этишда куйган вазифалари;

  • >    худуднинг маъмурий - ташкилий булинмага тегишлилиги ва бошқалар [3].

Тарихий манбаларга кўра, эрамиздан аввалги 166 йилда грек давлати Делос илк марта ҳужжат асосида савдони енгиллаштириш мақсадида эркин иқтисодий зоналар ташкил қилдилар. Бу эркин иқтисодий зоналар, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо алоқаларини бирлаштирувчи вазифаларни бажарган. У ердаги савдогарлар солиқлардан, божлардан ва маъмурий расмиятчиликлардан озод этилган. XII - XIII асрларда эркин савдо ҳудудлари фаолият юрита бошлаган. Эркин савдо ҳудудлари Ғарбий Дивина дарёси бўйларида вужудга келган. Бу дарё ўрта асрларда энг муҳим савдо йўлига айланган. У араб Халифалигини шарқий славян дунёси билан боғлаган. Ғарбий Дивина ва унинг ён - атрофидаги қуруқликлар ҳам эркин савдо ҳудудлари деб эълон қилинган. Яна бир қатор олимлар “1547 йилда Италиядаги Ливорно шаҳрини эркин савдо шаҳри деб эълон қилишган ва илк эркин иқтисодий ҳудуд бўлган” [1].

Жанубий Кореялик олим Кимнинг фикрига кўра, “Эркин иқтисодий зоналар – бу хорижий давлатлар, корхона ва фирмалар учун махсус ташкил этилган ҳудудлар бўлиб, бу ерда уларнинг корхоналари ва ишчи ходимлари ҳукумат томонидан берилган имтиёзлар туфайли ўз навбатида мавжуд қонун - қоидаларга бўйсунган ҳолда даромад олиши мумкин бўлган зоналардир. Давлат эркин иқтисодий зоналарни яратишидан мақсад бундай зоналарда бошқа ерларга қараганда кўпроқ иқтисодий шаффоф муҳит мавжудлиги ва бу орқали инвестиция оқимини ва рақобатбардош саноат ҳамда савдо - сотиқ хусусиятларини шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди” [2].

Америкалик олимлар М. Фразе ва Р. Реналар фикрича, “Эркин иқтисодий ҳудуд – бу иқтисодий ривожланиш йўлидаги инсониятнинг энг қадимги ва шу билан бирга энг замонавий ғояларидан биридир”. Улар Эркин иқтисодий ҳудудларни жаҳон хўжалигидаги мамлакат ичидаги “ороллар”, хорижий инвестиция, технологиялар, бошқариш тажрибасининг оқиб келувчи “деразалари”, жаҳон хўжалигида уйғунлашиб кетишда “эркин эшиклар” деб номланувчи янги сиёсатдир, деб номлайдилар [4].

Ҳозирда жаҳонда 140 дан ортиқ мамлакатларда 5 мингга яқин Эркин иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда. Иқтисодий зоналарда 80 млн киши иш билан банд бўлиб, ташқи савдо айланмаси 1,5 трлн. АҚШ долларини ташкил қилади. Жаҳон давлатлари статистикасига кўра, энг кўп ташкил қилинган Эркин иқтисодий зоналар АҚШ давлатида бўлиб -266 тани ташкил этмоқда. Бугунги кунда АҚШда эркин иқтисодий ҳудудларнинг уч тури: ташқи савдо, тадбиркорлик ва технлогияларни жорий этиш (технопарк) ҳудудлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари

АҚШда ташқи савдо ҳудудининг амалдаги қонунчиликка кўра, икки қисмга яъни умумий вазифали ва махсус вазифали ҳудудлар (субҳудудлар)га бўлинади. Масалан, Умумий вазифали ҳудудлар АҚШ божхонаси ваколатидан ташқари фаолият кўрсатиб, одатда порт ёки аэропортлар атрофида қурилиши яхши самара беради. Фаолият турининг асосини товарни сақлаш, турларга ажратиш, ўраш ва қўшимча қайта ишлашсиз жўнатиш, баъзи ҳолларда экспорт қилиш мақсадида хорижий товарларни қайта ишлаш кабилар ташкил этади. АҚШ Ташқи савдо ишлари бўйича қўмитаси томонидан штатлар ҳукумати қошидаги турли ташкилотларга, порт, аэропорт бошқарувига, ишлаб чиқариш бўйича агентликларга берилган рухсатнома асосида умумий вазифали ҳудудлар яратилган. Дастлаб бундай ҳудудлар АҚШда 1930 йилда Нью Йорк, Чикаго, Сан - Франциско шаҳарларининг портларида, кейинчалик 1950 йилларда эса Толедо (Огаё штати), Бей - Каунти (Мичиган штати), Маягуэс (Пуэрто - Рико штати) ва Гонолулуда (Гвайи штати) ташкил қилинди. 1970 - 1980 йилларда умумий вазифали ҳудудлар асосан портларда, аэропортларда ва берк ҳавзали шаҳарларда ҳам ташкил қилиниб, бундан мақсад АҚШда юксак замонавий савдо инфратузилмаси ташкил қилишдан иборат бўлган. Бугунги кунда АҚШнинг деярли барча шаҳарларида умумий вазифали ва махсус вазифали ҳудудлар ташкил қилинган.

Хитойда эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш 1978 йилдан бошланган бўлиб, ҳозирда Хитойда 6 та махсус иқтисодий ҳудуд (Шантоу, Шенчжем, Чжухай, Сямен, Хайнан, Пудун (Шанхайдаги “Пудун” иқтисодий ривожланиш ҳудуди бир неча ўн йил мобайнида Шанхайни Осиё - Тинч океани минтақасидаги йирик савдо ва молиявий марказга айлантиради), 216 та техник - иқтисодий ҳудудлар, 146 та юқори технологиялар парклари, 13 та эркин божхона ҳудудлари, 16 та чегарадош ҳудудлар билан иқтисодий ҳамкорлик ҳудудлар, Шанхай ва 10 та экспрементал эркин савдо ҳудудлари фаолият кўрсатмоқда.

Германияда алоҳида рағбатлантириш тартиби, асосан, порт - зона ҳудудида товарларни қайта ишлаш натижасида юзага келадиган божхона тўловлари, қўшилган қиймат солиғи бекор қилиниши орқали ташкил этилган [5].

Италияда эркин иқтисодий ҳудудларнинг божлардан озод этилган омборлар шакли кенг тарқалган. Уларнинг сони 12 та бўлиб, жумладан Неаполда (4 та), Генуяда (2 та), Вари, Империя, Ливорна, Палермо ва Римда жойлашган.

Испанияда 4 та эркин иқтисодий ҳудудлар мавжуд. 1929 йилда ички ва транзит савдони ривожлантириш, ташқи савдо операцияларини фаоллаштириш ва экспортга йўнатирилган саноатни ривожлантириш учун “Кадис” эркин иқтисодий ҳудуди тузилган [6]. Эркин иқтисодий ҳудудни географик ўрнининг қулайликларидан бири материкларни боғловчи халқаро денгиз транспорти ўтадиган жойда жойлашганлиги, океанга чиқиш имкониятининг мавжудлиги иқтисодий салоҳиятини тезроқ юксалишига сабаб бўлган. Бу ҳудуд Атлантика океани соҳилида жойлашган бўлиб, Америка, Шимолий Африка, Ўрта денгиз орқали Европа ва Яқин Шарқ давлатлари билан ўзаро иқтисодий савдо алоқаларни ривожланиши учун қулай имконият яратган. “Кадис” эркин иқтисодий ҳудуди майдони 570 минг м кв бўлиб, халқаро савдо марказлари, омборлар ва майдончалар, саноат корхоналари, порт хизматлари, юк ва йўловчи ташиш учун контейнер - музлатгичлар терминаллари, замонавий инфратузулма ва транспорт логистикаси, маълумотлар базаси, хавфсизлик таъминоти, ташқи ва ички алоқа тизими, божхона, банк - молия хизматлари мавжуд. Испания Европа Иттифоқи ташкилотига аъзо мамлакат ҳисобланади. Ташкилот шартномасига мувофиқ аъзо мамлакатлар билан савдо алоқаларни амалга оширишда муайян божхона ва солиқ имтиёзлари қўлланилади. Масалан, импорт божларидан, махсус солиқлардан, қўшилган қиймат солиғидан озод этиш, Европа иқтисодиётига нисбатан савдо сиёсати чораларини қўлламаслик каби имтиёзлар мавжуд.

Осиё қитъасининг ривожланаётган мамлакатларида махсус иқтисодий ҳудудлар энг аввало янги саноатлашган индустриал мамлакатларда ташкил этилган бўлиб, Филиппинда 900 минг, Индонезияда 200 минг, Шри - Ланкада эса 150 минг киши эркин иқтисодий зоналарда фаолият олиб бормоқда. Бу давлатларнинг маҳаллий корхоналарига асосий инвестициялар Япония давлатидан келтирилади. Ушбу давлатларларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан АҚШ бозорига юборилади.

Жануби-Ғарбий Осиё, яъни Форс кўрфази араб давлатларидан бири Бирлашган Араб Амирликларида эса ҳозирги кунда 15 та эркин иқтисодий ҳудудлар мавжуд бўлиб, улар бир қанча иқтисодий имтиёзларга эга.

1993 йил 29 августда Савдо ва саноат зоналари тўғрисидаги қонунга мувофиқ Эрон Ислом Республикасида ҳам эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил қилинди. Эронда бугунги кунда бир неча йўналишда эркин иқтисодий ҳудудлар, махсус савдо зоналари, махсус иқтисодий зоналар фаолият юритмоқда. Эркин иқтисодий ҳудудларнинг фаолиятини назорат қилиш Олий кенгаш томонидан бошқарилади. Энг кўп фойда келтирадиган эркин иқтисодий ҳудудлардан бири Форс кўрфазидаги оролда жойлашган Кешм эркин иқтисодий ҳудуди бўлиб, уни ривожлантиришга 1,5 млрд доллар сармоя киритилган. Орол Эрон ва бошқа сармоядорларнинг фаолият олиб бориши учун жуда қулай бўлиб, бу иқтисодий ҳудудда ҳар қандай фаолият туридан қаътий назар даромад солиғидан озод қилинади. Кешм эркин иқтисодий ҳудудини географик ўрнининг қулайликларидан бири, уни ББА, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Ироқ, Уммон, Қатар, Қувайт давлатлари ўртасидаги муҳим савдо йўлида жойлашганлигидадир.

Фойдаланилган адабиётлар:

  • 1.    Андрианов В. Д. Россия: экономический и инвестиционный потенциал. – М: Экономика, 1999.

  • 2.    Kim Young Rae. The study on issues related between limits of land development and total control restriction system in the actual conditions within capital region, Seoul National University of Technology, 2009.

  • 3.    Вохидова М. Х. “Эркин иқтисодий ҳудудлар”. Ўқув қўлланма Т., 2020.

  • 4.    Зименков Р. И. Свободные экономические зоны. Уч. пос. М., 2005.

  • 5.    Причодько С. В., Воловик Н. П. Особые экономические зоны. Москва. 2007.

  • 6.    Сафин Т. Европейский опыт создания свободных экономических зон. // Uzbekistan & Central Asia. Ташкент: 2009.

"Экономика и социум" №5(96)-1 2022

Список литературы Эркин итисодий зоналарнинг удудий ташкил этилишида жаон давлатлари тажрибаси

  • Андрианов В. Д. Россия: экономический и инвестиционный потенциал. - М: Экономика, 1999.
  • EDN: VRVKQJ
  • Kim Young Rae. The study on issues related between limits of land development and total control restriction system in the actual conditions within capital region, Seoul National University of Technology, 2009.
  • Вохидова М. Х. "Эркин иқтисодий ҳудудлар". Ўқув қўлланма Т., 2020.
  • Зименков Р. И. Свободные экономические зоны. Уч. пос. М., 2005.
  • Причодько С. В., Воловик Н. П. Особые экономические зоны. Москва. 2007.
  • Сафин Т. Европейский опыт создания свободных экономических зон. // Uzbekistan & Central Asia. Ташкент: 2009.