Ўшма гапларда ўхшатиш ва иёс муносабати

Автор: Шухратова Ю.Ш.

Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium

Рубрика: Основной раздел

Статья в выпуске: 5-1 (84), 2021 года.

Бесплатный доступ

Мақолада бугунги кун тилшунослиги учун долзарб бўлган ўхшатиш муносабати, унинг қиёс категориясининг юзага чиқиш жараёнидаги роли ҳақида фикр юритилган. Мисоллар синтактик сатҳ доирасида таҳлилга тортилган.

Қўшма гап, ўхшатиш, қиёслаш, аффиксоид

Короткий адрес: https://sciup.org/140260495

IDR: 140260495

Текст научной статьи Ўшма гапларда ўхшатиш ва иёс муносабати

Калит сўзлар. Қўшма гап, ўхшатиш, қиёслаш, аффиксоид.

Синтактик сатҳнинг мураккаб синтактик бирлиги ҳисобланган қўшма гапларга доир илмий ишлар бугунги кунда тилшуносликда долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Ўзбек тилшунослигида қўшма гапларни мукаммал таҳлилига бағишланган кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилган.

Қўшма гаплар тадқиқида М.Асқарова, Ғ.Абдураҳмонов, А.Бердиалиевлар ва уларнинг илмий қарашлари алоҳида диққатга сазовордир. Ўзбек тилшунослигида биринчи марта қўшма гаплар муаммосини ўрганишга қўл урган тилшунос олим Ҳ.Ғозиевдир. Олим қўшма гап қисмларининг ўзаро боғланиш белгисига кўра 2 гуруҳга, боғланган ва эргашган қўшма гапларга, ажратишни маъқуллайди ва асосий эътиборини эргашган қўшма гапларнинг таркибини тадқиқ этишга қаратади1.

М.Асқарова ҳам қўшма гапларни таснифлашда мураккаб синтактик бирлик қисмларини боғловчи воситалар белгисига таянган ҳолда, уларни икки гуруҳга - боғланган ва эргашган қўшма гапларга ажратади2.

Ғ.Абдураҳмонов ўзбек тилшунослиги тарихида илк марта қўшма гапларни уч гуруҳга ажратиб таснифлайди3.

Тилшунос олим А.Мамажонов ўзининг “Қўшма гап стилистикаси” деб номланган монографиясида эргаш гапли қўшма гаплар ҳақида фикр юритиб, уларнинг ҳар хил аспектлардаги ҳолатига эътибор қаратади ва уларнинг полисемантик характери, услубий хусусиятлари ҳамда қўшма гапларнинг семантик таснифига доир масалаларга тўхталиб ўтади4.

А.Ҳожиевнинг “Лингвистик терминларнинг изоҳли луғати” да қўшма гапга қуйидагича таъриф берилади:

Қўшма гап. Тузилиш жиҳатидан содда гапга ўхшаш икки ва ундан ортиқ предикатив бирликнинг интонация ва мазмун жиҳатидаи бир бутунлик ҳосил этиши билан юзага келувчи гап. Ўзбек тилида қўшма гаплар қандай мазмун муносабатларини ифодалаши, грамматик белгилари, тузилиши ва интонациясига кўра уч асосий турга бўлинади:

  • 1)    боғловчисиз қўшма гаплар;

  • 2)    боғланган қўшма гаплар;

  • 3)    эргашган қўшма гаплар 5.

Ушбу мақолада синтактик сатҳ бирлиги бўлган қўшма гапларда ифодаланган ўхшатиш муносабати ҳақида фикр юритамиз. Ўхшатиш муносабати –дек, -дай аффиксоидлари ва худди, гўё ёрдамчи сўзлари воситасида юзага чиқади. Мисолларга эътибор берамиз:

Бир дарахтни кўрдим - мағрур, баркамол,

Истаган фаслида гуллайдигандай.

Писандига яқин келмас қор, шамол:

Дуркун барги мангу сўлмайдигандай. (И.Мирзо “Гўё”)

Шеърий матнда ўхшатиш аффиксоиди содда гап таркибидаги аниқловчини ажратишга хизмат қилган бўлса (мағрур, баркамол, истаган фаслида гуллайдигандай), кейинги қатордаги боғловчисиз қўшма гапда изоҳлаш мазмунидан ташқари ўхшатиш муносабатини ҳам кўриш мумкин.

Давомли матн:

Шул дарахтнинг олдида хор, ғарибман,

Йўл ярмига етар-етмас ҳорибман,

Ҳаводан куз ҳидин олиб турибман,

Баҳор менга қайтиб келмайдигандай. (И.Мирзо “Гўё”)

Матн тузилишига кўра бир неча бош гапли қўшма гап бўлиб, ўхшатиш муносабати эргаш гапнинг бош гапга тўғридан-тўғри боғланиши орқали ифодаланмоқда.

Матнга мурожаат қиламиз:

Шул ирмоқнинг ҳузурида ким бўлдим,

Тўхтаб қолдим, тил тишладим, мум бўлдим.

Ҳасрат келди, кўзёшимга лим бўлдим,

Эски кўнгил энди тўлмайдигандай. (И.Мирзо “Гўё”)

Матннинг охирги қаторларидаги боғловчисиз қўшма гап таркибидаги –дай аффиксоиди ўхшатиш мазмуни билан бир қаторда, тарз муносабатини ҳам акс эттирмоқда.

Навбатдаги мисол:

Бир кимсани кўрдим, азиз ёронлар,

Фириб берса, чап беролмас шайтонлар,

Йиғмиш дунё, қурмиш турлик ошёнлар,

Гўё бу зот асло ўлмайдигандай. (И.Мирзо “Гўё”)

Матн аралаш қўшма гаплардан ташкил топган бўлиб, ўхшатиш эргаш гап таркибидаги ўхшатиш воситаларининг бирдан ортиқ қўлланилиши ўхшатиш мазмунини таъкидлаш ва кучайтириш учун хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Йўл” шеъридан олинган мисолни кўрайлик:

Қорин тўйса, қайтиб очмайдигандек,

Очқаб қолса, тўйиш маҳолдек гўё.

Кун ботса, қайта нур сочмайдигандек,

Кун ўтса, толега камолдек гўё.

Матндаги эргаш гапли қўшма гапларда ўхшатиш муносабати аффиксоид ва ёрдамчи воситасида ифодаланмоқда.

Кейинги мисолга мурожаат қиламиз:

Тўзғимасдан шамолдек, ўтиб умр малолдек,

Интизорлик шиддати шитоб айламасайди.

(Г.Асқарова “Ошиқлар тумори”)

Шеърият талабига кўра инверсияга учраган ушбу қўшма гапда ҳам ўхшатиш муносабаини кўриш мумкин.

Ўхшатиш муносабати кўпинча қиёс мазмуни билан параллел келади. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ўхшатиш қиёслаш ва чоғиштириш ҳодисасидан фарқ қилади. Ўхшатишда ҳам, қиёслашда ҳам предметлар ўзаро ўхшатилади, бироқ қиёслашда қиёсланаётган объектлар орасида зидлик муносабати мавжуд бўлади. Ана шу зидлик ўзаро фарқни аниқлашда асос ҳисобланади.

Бир неча предмет, воқеа-ўртасидаги мавжуд ўхшаш ва фарқли томонларини аниқлаш нуқтаи назаридан қиёслаш билишнинг энг кенг тарқалган мантиқий усулларидан биридир. Бу усул инсон кундалик фаолиятининг деярли барча соҳаларида кузатилади. Мантиқий жиҳатдан қиёслаш категориясининг табиати икки хил, бошқача айтганда, қиёслаш зарурияти икки асосий омил асосида юзага келади.

Биринчиси фарқни кўрсатиш бўлса, иккинчиси ўхшашликни кўрсатишдир. Ана шу мантиқий тахмин инсон онгида қиёслаш йўли билан маълум бир предмет ёки воқеа-ҳодиса ҳақида маълумотлар тўпланишида муҳим вазифаларни бажаради. Инсон умри давомида керак бўладиган билим, яъни борлиқни билиш, билим олиш ва бошқалар кабиларда инсон ўзи учун маълумотлар тўплашда билиш усулларидан бири – қиёслаш орқали ўзи учун жумбоқ бўлиб турган саволларга жавоб топади. Фикрни қиёслаш йўли билан тушунтириш ҳам информатсияни кенг ва атрофлича бўлишини, маълум бир предмет ёки унинг бирор бир белгиси ҳақида хабар бериш, тасвирлашни таъминлайди. Бу жараёнда тил ва нутқнинг турли бирлик ва ифода воситалари иштирок этиб фикрнинг образлилигини, таъсирчанлигини, фикрни тез ва осон етказилишида муҳим ўрин тутуди. Демак, ўхшашлик муносабати қиёслаш категориясининг таркибий қисмидир.

Фойдаланилган адабиётлар

  • 1.    Ғозиев Ҳ. Ҳозирги замон ўзбек адабий тилидаги қўшма гапларнинг состави ҳақида // Ўзбек тили грамматикасидан материаллар. Тошкент, 1941.

  • 2.    Асқарова М. Ҳозирги замон ўзбек тили ва қўшма гаплар. Тошкент, 1960.

  • 3.    Абдураҳмонов Ғ.А. Ҳозирги ўзбек адабий тили. Синтаксис.

  • 4.    Мамажонов А. Қўшма гап стилистикаси. Тошкент. 1990.

  • 5.    Хожиев А. Лингвистик терминларнинг изоҳли луғати. Тошкент: 1985.

  • 6.    Мирзо И.Кўнглингда нима бор, билмайман. Тошкент: Шарқ нашриёти, 2020.

  • 7.    Асқарова Г. Ошиқлар тумори. Тошкент, 2012.

  • 8.    Мамажонов А, Розиқова Г. Гапларнинг шаклий-мазмуний тузилишига кўра турлари. – Фарғона 2004

Тошкент: Ўз ФАН нашриёти, 1966.

"Экономика и социум" №5(84) 2021

Список литературы Ўшма гапларда ўхшатиш ва иёс муносабати

  • Ғозиев Ҳ. Ҳозирги замон ўзбек адабий тилидаги қўшма гапларнинг состави ҳақида // Ўзбек тили грамматикасидан материаллар. Тошкент, 1941.
  • Асқарова М. Ҳозирги замон ўзбек тили ва қўшма гаплар. Тошкент, 1960.
  • Абдураҳмонов Ғ.А. Ҳозирги ўзбек адабий тили. Синтаксис. Тошкент: Ўз ФАН нашриёти, 1966.
  • Мамажонов А. Қўшма гап стилистикаси. Тошкент. 1990.
  • Хожиев А. Лингвистик терминларнинг изоҳли луғати. Тошкент: 1985.
  • Мирзо И.Кўнглингда нима бор, билмайман. Тошкент: Шарқ нашриёти, 2020.
  • Асқарова Г. Ошиқлар тумори. Тошкент, 2012.
  • Мамажонов А, Розиқова Г. Гапларнинг шаклий-мазмуний тузилишига кўра турлари. - Фарғона 2004
Статья научная