Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарида хива хонлигидаги ижтимоий-иқтисодий хаёт масалалари ёритилиши
Автор: Рўзиев Х.Д.
Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium
Рубрика: Современные науки и образование
Статья в выпуске: 8 (87), 2021 года.
Бесплатный доступ
Маскур мақола Хива хонлиги тарихидаги воқеаликларни Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асари орқали ёритишга эътибор қаратилган. XVI-XVII асрлардаги Хива хонлигидаги ижтимоий- иқтисодий жараёнлар билан биргаликда давлат бошқаруви сиёсати, солиқ сиёсати, қишлоқ хўжалиги ютуқ ва камчиликлари батафсил ёритилган. Шу билан биргаликда ушбу асарнинг ўрганган маҳаллий ва хорижий олимларни асарни ўрганилиши. таҳлилий натижалар асносида ёритилган
Хива хонлиги, Шажараи турк, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, солиқлар, ташқи алоқалар, деҳқончилик, ҳунармандчилик, чорвачилик, туркий қабила ва уруғлар, Ёдгорхон, Султонҳожи, Хасанқули, Араб Муҳаммадхон, Элбарсхон, Сўфиёнхон
Короткий адрес: https://sciup.org/140254874
IDR: 140254874
Текст научной статьи Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарида хива хонлигидаги ижтимоий-иқтисодий хаёт масалалари ёритилиши
Уч минг йиллик давлатчилик анъаналарига эга бўлган ўзбек халқи тарихида Хоразм давлатчилиги, унинг бошқарув тизими алоҳида ўрин тутади. Дунё илми тамаддунига ўзларининг беназир ҳиссаларини қўшган ва илм фанда башариятга намуна бўлган алломалар, ўзи подшоҳ бўла туриб, жаҳон илм маърифатининг юксалишига сабабчи бўлган, олимликда тенги йўқ ҳукмдорлар ҳам бизнинг аждодларимиздир. Жумладан Мирзо
Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” ва “Шажараи тарокима асарлари” ҳали ҳануз халқимиз тарихини ўрганишда муҳим тарихий манба вазифасини бажараётгани ҳеч биримизга сир эмас. Хусусан, Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажараи турк» асари Хива хонлигининг вужудга келган давридан то XVII асрнинг 2-ярмигача бўлган давр тарихини муҳим манбалардан бири саналади. Асарда ўрта асрлар даври ўзбек давлатчилиги, ижтимоий, иқтисодий, ҳамда маданий ҳаёт масалалари шунингдек, давлат бошқаруви сиёсати, ўзбек хонликларининг ташқи давлатлар билан олиб борган алоқалари жараёни кенг ёритилган.
Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” фақат тарихий китоб сифатида эмас, балки адабий ёдгорлик сифатида ҳам нодир асардир. Абулғози асарни яратишга киришар экан, уйдирма ва сохталикларга йўл қўймайди, тарихдан четга чиқмасликка ҳаракат қилади. Мазкур асарни битишда “Абулғози форсий ва туркий тилларда ёзилган 18 та манбага таянади. У ўз она тилини яхши билганидек, форс-тожик ва мўғул тилларини ҳам пухта эгаллаган. Абулғози ўз асарларини она тилида ёзади. У: бу тарихни яхши ва ёмон барчалари билсин” деб турк тили билан айтдим. Бир калима чиғатой, туркийдан, форсийдан ва арабийдан қўшмайман, равшан бўлсин деб туркийни ҳам андоқ айтибманки беш яшар ўғлон тушунар, деб ёзади.
Абулғози тарихий воқеаларни бадиий лавҳа ва шеърлар орқали тасаввур этади. Бироқ у ўз асарини ёзиб тугата олмайди. Асарнинг сўнгги 21 сахифасини унинг вафотидан сўнг унинг қариндоши Махмуд Урганжий ёзиб тугатади. Асарнинг IX-XIII боблари бевосита муаллифнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот беради. Абулғози бу асарни яратишда Фазлуллох Рашидиддиннинг (1277-1318 йил) “Жомеъ-т-таворих”, Шахобиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Биноийнинг “Шайбонийнома”, Мирхонднинг “Равза-туссафо”, Бобурнинг “Бобурнома”, Қофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома”. Гулбаданбегимнинг “Хумоюннома” асарларидан ҳам фойдаланган.
Кучли марказлашган давлат тузиш, айрим майда хонликлар ва бекликлар ўртасидаги урушларга барҳам бериш, элу юртга осойишталик бахш этишга интилиш Абулғозихон учун энг буюк орзулардан эди. Марказлашган давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ва уни мустахкамлаш сиёсати туфайли Абулғозихон ўз сулоласининг тарихини яратиб, шу орқали уни янада мустахкамлаш учун курашмоқчи бўлган.
“Шажараи турк” ва “Шажараи тарокима” асарлари XVII аср ўзбек адабиётида чинакам тарихий асар намунасидир.
XVI-XVII асрларда Хива хонлиги хўжалиги, маданий ҳаёти, санъатида бир мунча пасайиш кузатилади. Ўзаро тахт учун курашлар ва низолар солиқларнинг ошиши халқ аҳволини оғирлаштириб юборган, юқори табақа вакиллари ўртасидаги зиддиятларни кучайтириб юборган эди.
Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асари ва ўзбек хонликлари тарихини ёритишга оид илмий адабиётларни уч гуруҳга ажратиш мумкин. Булар:
-
1) XVI-XX асрларда битилган асарлар;
-
2) Советлар даврида амалга оширилган тадқиқотлар;
-
3) Мустақиллик даврида чоп етилган асарлар.
Биринчи гуруҳ адабиётлари сирасига аввало Шермуҳаммад Мунис ва Муҳаммадризо Огаҳийнинг “Фирдавс ул-иқбол”, Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшоҳий” каби асарларини киритиш мақсадга мувофиқдир. Юксак маҳоратла ёзилган бу тарихий асарлар ўз мазмуни, келтирилган маълумотларнинг ишонарлилиги билан алоҳида аҳамиятлидир. Бу асарларнинг кўпчилиги Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажараи турк» асари таъсирида ёзилган бўлиб, ундаги тарихнавислик анъаналарини давом эттирди. Шу билан бирга бу асарларда ҳам “Шажараи турк” асарида бўлганидай бошқа хонликлар ҳақида ҳам талайгина маълумотлар бор. Шу маънода, Мунис ва Огаҳийнинг «Фирдавс ул-иқбол» асарини «Шажараи турк»нинг давоми сифатида қараш мумкин.
Советлар даврига оид илмий адабиётлардан академик олим С.П.Толстовнинг «Қадимги Хоразм», академик олим Я.Ғуломовнинг «Хоразмнинг суғорилиш тарихи» асарлари, шунингдек, В.В.Бартолд асарлари бу борадаги енг муҳим тадқиқотлар ҳисобланади.
Мустақиллик йилларида ҳам Хоразм тарихини ўрганиш юзасидан бир қатор тадқиқотлар амалга оширилди. О.Қўшжонов ва Н.Полвонов[1], С.Ҳасанов[2], А.Абдурасулов[3], Д.Бобожонов ва М.Абдурасулов[4], Қ.Муниров[5] нинг асарлари, шунингдек икки жилдли «Хоразм тарихи»[6] китоблари алоҳида ёндашилган ҳолда ўрганилганлиги билан аҳамиятга эга.
Тарихчи олим Ҳ.Худойназаровнинг Абулғози Баҳодирхон ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганишга доир тадқиқотлари айниқса диққатга сазовор. Олимнинг «Абулғози Баҳодирхон тарихчи ва адиб»[7], шунингдек, «Шажараи турк» ва унинг ўрганилиши»[8] асарларида Абулғозихоннинг илмий мероси, ҳамда унинг Хива хонлиги тарихида қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилган.
Хива шаҳри тарихи билан шуғулланган соҳа олималаридан бири Г.А.Агзамова[9]нинг тадқиқотларида Хива XIV-XIX асрнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда кечган урбанизaцион жараёнлар билан узвий алоқадорликда тадқиқ етилган. Н.А.Аллаева[10] ўз номзодлик ишида XVIXVIII асрларда Хива хонлиги ва Эрон ўртасидаги алоқалар тарихи, Ю.М.Рахманова[11] тадқиқотларида эса XVI-XX асрларда Хива шаҳридаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт масалалари ёритилиши давр нуқтаий назаридан Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асари орқали XVI аср жараёнлари ўрганилиб таҳлил қилинган.
Бу даврда хонликнинг тарихини ёритувчи асосий манба Абулғози Баҳодирхоннинг «Шажараи турк» асаридир. Асарда муаллиф Хива хонлиги тарихидаги ўша давр сиёсий воқеаларни ёритишга эътибор қаратган бўлса-да, унда тарихнинг турли масалаларига оид эътиборли маълумотлар кўплаб учрайди. Жумладан, асарда ўлкадаги ижтимоий-иқтисодий вазият ҳақида маълумотлар мавжуд.
Асарда турк-мўғул қабилалари, хусусан, улар номлари, этимологияси, урф-одатлари ҳақидаги этнографик маълумотлар келтирилган. Бунда ўзбеклар, сартлар ҳамда туркман уруғлари (сариқ, ёвмут, қизил аёқ, эрсари ва ҳ) ҳақидаги маълумотлар ҳам ўта муҳимдир. Жумладан, у туркий қабилаларга кирувчи ва турк номи билан аталувчи қабилалар қуйидаги катта 5 авлод (бўғин)ни ташкил қилади деган. Булар: уйғур, қанғли/қиниқли, қипчоқ, қалач, қарлуқ қабилалари. Шуниси эътиборга моликки, муаллиф уруғ, қабилаларнинг номларини келтирар экан, уларнинг ҳудудий жиҳатдан жойлашиш ўрни ҳақида ҳам маълумот беради: «Қалач–Ўғуз ўғлонлари туркманлардин айрилмай Мовароуннаҳр ва Хуросонга тушдилар. Қипчоқ – Тин ва Атил ва Ёйиқ; бу айтилган сувларнинг орасинда ўлтурдилар. Қиниқли – туркманлар билан бирга ўлтурур эрдилар. Туркман вилоятга тушгандин сўнг, Иссиқкўл ва Чу ва Талош; бу айтилған сувларнинг ёқаларинда ватан қилиб кўп йиллар ўлтурдилар»[12,Б.31]. Сўнгра у бошқа туркий қабила ва уруғлар ҳақида тўхтаб ўтади: 1.Такрин ёки макрин; 2. Қирғизлар; 3. Камкамчутлар; 4. Ўрманқит; 5. Татарлар; 6. Ўйрат/ойрат; 7. Тумат уруғи; 8. Найман; 9. Қирайт 10. Унгут; 11. Хитой; 12. Турқақ; 13. Мўғул уруғлари; 14. Маркит/макрит; 15. Қўнқират; 16. Инкирас; 17. Алқанут; 18. Қоранут; 19. Қурлас ва Ечкирин; 20. Ўрмавут; 21. Қўниққимар; 22. Арлат; 23. Килгит; 24. Бадай ва қишлиқ уруғлари; 25. Уйшан; 26. Сулдус; 27. Илкуркин; 28. Канкит; 29. Дўрман; 30. Барин ва суқут; 31. Ўклан; 32. Баёвут; 33. Жалайир уруғларининг номларининг келиб чиқиши ҳамда ҳудудий ўрнини келтирган. Абулғозий Баҳодирхон ўз китобида мўғулларни икки катта бўлакка бўлади. Бири қиён/қиёт (нирун), иккинчиси нугуз/нукуз (дарликин). Булардан ташқари, мўғуллардан 25 та уруғ ва қабилаларини тилга оладики, улардан бариси ўзбек халқининг этник таркибига кирган.
Асарда қабила ва элатлар ҳақида кўплаб қиссалар келтирилган. Қиссаларда қавмларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ ажойиб маълумотлар берилган. Туркларнинг бу кекса қавмлари, қиссаларда қайд етилишича, Ўғузхон замонида шаклланган. Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, достонларда, ўрни билан, ушбу қавм номларининг асл маъноси (этимологик изоҳлари) ҳам келтирилади. Чунончи, Абулғозий асарларида уйғур қавмининг шаклланиши шундай воқеа билан боғлиқ: Ўғуз билан Қорахон ораларида бўлган жангда Қорахон иниларининг ўғиллари ундан ажраб, Ўғузхонга бориб қўшиладилар. Ўғуз бундан мамнун бўлди ва уларга уйғур (яъни “қўшилган, уюшган”) номини беради.
Қипчоқларнинг келиб чиқиши эса шундай воқеага боғланади: Ўғузхоннинг бекларидан бири навбатдаги юришга кўчини (аёлини) ҳам олиб борганди. Жангда ўзи ҳалок бўлди. Беваси юкли еди, ой-куни яқинлашиб, тўлғоқ тута бошлади. Кун совуқ, пана жой йўқлигидан аёлни катта бир ғовак дарахтга олиб кирдилар.Аёл ўша ерда бўшалди. Бола дарахт ғовагида туғилгани боис Ўғуз унга Қипчоқ деб от қўйди. Шу ўринда муаллиф қўшиб кўяди: “ Қадимтурк тилинда ичи бўш яғачни қипчоқ дерлар еркандур. Анинг учун ул ўғланяғач ичинда туғди теб атин Қипчақ қўйдилар. Бу вақтда ҳам ичи бўш яғачни қипчақ дейтурурлар. Шул қипчақ турурким, чипчақ дейтурурлар”.
Ўғузхон Қипчоқни ўз қўлида тутди. Катта бўлгач, унга кўп элу навкар бериб, Тин ва Итил сувининг ёқасидаги юртларга бош қилди, унинг эли қипчоқлар дейилди.
Ўзбекларнинг уруғ ва қабилаларига тегишли маълумотлардан асарда келтирилган уруғ ва қабилалар номи жуда муҳим. Булар: Орлот/арлат, оғор, олаюнотли, ўқли, аймоқ, бошқирд, баёт, тот, тотар, темирли, турумчи, турк, туркман, така, турботли, тевачи, жоби, жомачи, чўбичоқ, чўбони, чиғатой, чўни, хизир ели, хуросонли, халаж, дукар, соиқ, солур, сурхи/сурқи, соқар, салжуқ, султонли, савроқи, совчили, қўрғоли, қўрқин, қорлиқ, қипчоқ, қоратошли, қалмоқ, қирғиз, чиройли, қутлар, лола, мўғул, манғит, найман, моънди, ёзир, яғмо, ёвмут, юрти ва бошқалар[13,Б.35].
Ўлканинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид маълумотлар орасида Хоразмнинг ўша замонларда ҳам обод бўлганлиги, Амударё ўзанининг ўзгарган вақти ва унинг оқибатлари ҳақидаги маълумотлар ҳам қимматлидир. Жумладан, Хива хонлигида яшовчи халқнинг турмуши, яшаш шароити, фаолияти билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар учрайди. Шунингдек, хонликдаги таназзулнинг асосий сабабларидан бири хонлик аҳолиси нафақат этник, балки маданий-иқтисодий муносабатларда ҳам бир-биридан кескин фарқ қилувчи уч гуруҳга бўлинганлиги, хонликдаги ўзаро ички қарама-қаршиликларни кучайтирган сабаблардан бири шу эканлигини таъкидлайди.
Жумладан, шаҳар ҳамда деҳқончилик билан шуғулланувчи қишлоқлар аҳолиси Хоразмда қадимдан яшовчи халқ авлодлари ҳисобланган. Улар асосан деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланганлар.
Иккинчи муҳим этник гуруҳ туркман қабилалари бўлиб, улар хонликнинг ғарбий ва жанубий қисмларида яшашган, ҳамда асосан чорвачилик ва қисман деҳқончилик билан шуғулланганлар. Туркманлар кўплаб уруғ ва қабилаларга бўлинганлиги сабабли ягона куч сифатида ҳаракат қила олмаганлар ва XVI асрда хонликка бўйсундирилганлар. Туркманларнинг қўшни давлатлар билан иқтисодий ва сиёсий муносабатлар доирасига киритилиши туркман қабилаларида ички алоқаларнинг ривожланишига олиб келди. Бу жараён туркман амалдорларини Хива хонлари хизматига ўтишини тезлаштирди, натижада туркман қабилаларининг тарқоқлиги янада кучайди.
Элбарсхон билан Хоразмга кўчиб ўтган ўзбеклар учинчи этник гуруҳни ташкил қилиб, улар кўчманчи ҳаёт тарзини ва қабила ҳамда уруғларга бўлинишни сақлаб қолди.
Муаллиф хонликлар ўртасидаги талончилик урушлари ёки яқин қариндошлар орасида юз берган тожу-тахт учун зиддиятли курашларни тасвирлар экан, бу курашларда меҳнаткаш халқнинг ҳал қилувчи роли борлигини таъкидлайди. Шунингдек, халқнинг тез-тез бўлиб турган қонли тўқнашувлар туфайли вужудга келган аянчли турмуш манзараси тасвирланади.
Элбарсхон вафот этгач, ўша давр таомили бўйича хонлик тахтига Ёдгорхон набираларининг тўнғичи Беликач султоннинг ўғли Султонҳожи, унинг вафотидан сўнг эса Абулакхоннинг ўғли Хасанқули ўтирди. Аммо Ҳасанқулининг хон бўлганидан норози бўлган Элбарсхон ўғиллари Урганчга бостириб келади. Бироқ асарда қайд этилишича Ҳасанқулихон урушишга лаёқатсиз бўлиб, Урганч шаҳрига қамалиб олади. Бу вақтгача Урганч шаҳрининг арк қалъаси бўлмай, Ешсултон арк қалъаси қурдиради. Ушбу жангда Амнакхоннинг кичик ўғли Оғанай султон вафот этади. Урганч қамал қилинади. Бу ҳақида асарда шундай дейилади: «Урганч улуғ шаҳар. Тез-ўқ қаҳатлик бўла қолди. Бир эшакнинг калласи қирқ-эллик танга бўлди топилмади. Чиғириқ деса Урганч сартларининг аччиғи келур. Анинг маъноси ул турурким, Урганчнинг муллолар теган жамоати бўлур. Уларнинг бир давлатманд яхши кишиси бор еди. Ул эвига кириб борса кўрарким муллоларнинг оқсоқолликлариндин беш-олти киши ўлтуруб турур. Ев эгаси эшакнинг закарини табақға солиб йилқининг ўгурган қазисин тўғрагандек чиғириқ-чиғириқ тўғрай турур. Халқнинг аҳволи икки ойда шундақ бўлди. Андин сўнггисин мундин қиёс қилинг»[14,Б.125]. Бунда оддий халқ ўзаро урушлар вақтида қанчалик қийин аҳволга тушиши ёритилганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Урганчнинг ўтмишдаги қаҳатчилиги ва ундаги халқларнинг очликдан ўлар ҳолатга келганликлари ҳақида Урганч қўрғони қамал қилинганда одамлар очликдан ўлмаслик учун эшак, ит гўштларини ейишга мажбур бўлганликлари Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзининг «Шайбонийнома»[15,Б.321] достонида тасдиқлайди.
Хонликда мавжуд солиқлар ҳақида асарнинг Сўфиёнхон ҳукмронлиги даври қисмида келтирилган. Сўфиёнхон Абулхонда яшовчи туркман қабилаларига одам юбориб, «Тангри буюруқинда закот бермак фарз турур. Ҳар йилда моллариндин закот берсунлар. Мен киши юбориб чоптурмайин»[16,Б.126] деб одам юборади. Туркманлар хонга итоат қилдилар ва ҳар йили ўзларининг мулкларидан закот бериб турдилар. Бунда катта уруғларга бир киши ва 2-3 та кичик уруғларга бир киши жами қирқта солиқ йиғувчи юборилган. Улар бир неча йил давомида солиқларни вақтида тўлайдилар, аммо бир куни хонга итоат қилишдан бош тортиб, солиқ йиғувчиларни ўлдирадилар. Хон уларни жазолашга қарор қилади ва Абулхонга боради. Сўфиёнхон қўшинидан қочган туркманлар Чўтакка яширинганлар. Хон ўз қўшинлари билан Чўтакни қамал қилади. Қамалда қолганлар Оқатойхонга итоат этишга мажбур бўлади. Хон уларга ҳар бир ўлдирилган одам учун минг қўйдан қирқ минг қўй солиқ белгилаган. Солиқни хонга итоат етмаган така, ёвмуд, сариқ, ва эрсарилар тўлаганлар. Бу воқеадан бир неча йил ўтгандан кейин бу солиқ жон бошига ва чорвасининг миқдорига қараб бошқа туркманларга ҳам жорий қилинди: «туркманларнинг бошларина ва молларина лойиқ мол бературған туркманларнинг бошининг, молининг юзиндин ҳисоб қилиб, ички салурға ўн олти минг қўй, мундин бошқа подшоҳлиқ шиланда сўймоқ учун минг олти юз дўнан қўй». Бунда кейинги солиқ «қозон қўйи», ўн олти минг қўйга «барот қўйи» деб ном берилган. Бу солиқларнинг умумий миқдори 58 минг 800 қўйни ташкил қилган. Игдил ва човулдур уруғлари 12 минг, ушоқ уруғи 4 минг, кўкланга 12 минг барот, минг икки юз қозон қўйи, адақлиға 12 минг барот қўйи ва минг икки юз қозон қўйи тўлаган. Бунда «Барот қўйи» солиғи навкарлар ҳисобига, «қозон қўйи» солиғи эса хон саройига олиб кетилган.
Бу даврда Урганчдан Абулхонга ўтиш бир овулдан иккинчисига ўтишга тенг эди, чунки Амударё Урганч қалъасидан Абулхон тоғининг шарқий томонига қараб оқар эди. Ўша жойдан Ўғаргача ўтиб Мозандарон (Каспий) денгизига қуйилган. ўша даврда Амударёнинг ҳар икки томони бўйлаб экинзорлар бўлган, бу ерда кўплаб мевали дарахтлар, узумзорлар бўлган. Баланд ерларга чиғириқлар қурилган[17,Б.126]. Сўфиёнхон даврида солиқлар кўп бўлганлигига қарамай муаллиф: “ободонлиқ ва маъмурлиқнинг ҳеч ниҳояти йўқ эрди” деб таъкидлайди.
Хонлик аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги – деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Деҳқончиликда ғалла, пахта ва полиз маҳсулотлари етиштирилган. Жумладан, асарда маълумот берилишича, экинзорларга асосан ғалла экилиб, айниқса кузги буғдой экиш етакчи ўрин егаллаган. Бу ҳақида асарда қуйидагича ёзилади: «Ул вақтда Маздеҳқон қалъасиндин то Бақирғаннинг бери юзи Қуйғун теган ергача буғдой екилур ерди. Бизнинг хон (Араб Муҳаммадхон) Тук қалъасининг юқорисидин бир ариқ қаздуруб турурлар. Фақир дунёға келмасдин бир йил бурун. Меъзон бўлғанда сақасини кўмарлар эрди. Буғдойни ўрған вақтда очарлар эрди. Бир неча йилдин сўнг ариқнинг кенглиги отқан ўқ ўтмасдай бўлди. Сувнинг оёқи Қуйғун борди. Ёлғуз буғдой экилур эрди. Отли киши ўн кунда буғдойнинг тошиндан айланиб кела билмас эрди. Ул вақтда пул-пучак, ярим мисқол кўмуш биртанга эрина юрур эрди. Бир тангага ярим тева юки буғдой берурлар эрди. Бир мисқол кўмушга бир ҳарвор буғдой берурлар эрди»[18,Б.161-162]. Бундан Араб Муҳаммадхон даврида Тук қалъасининг юқори қисмидан канал ўтказилгани, бу билан жуда кенг ҳудудларнинг суғорилганлиги ҳақида билиб олишимиз мумкин бўлади.
Деҳқонлар меъзон ойларида буғдой экканлар ва ўримдан сўнг у ерга сув қуйганлар. Бу орқали улар буғдойдан ҳосилини кўпроқ олганлар. Абулғозихон бир неча йилларда канал суви катта оқимга айланганлиги ҳамда табиийки экин ерлари ҳам кенгангайлигини, натижада буғдойнинг нархи анча арзонлашганини алоҳида таъкидлаган. Бундан ташқари, юқоридаги парча орқали ўша даврдаги пул муомаласи ҳақида ҳам маълумотга эга бўлишимиз мумкин, яъни муаллифнинг ёзишича, ярим мисқол кумуш бир танга миқдорига тенг бўлган. Бир мисқол кумушга бир эшак юки оғирлигида, бир тангага эса, бир туя юки оғирлигида буғдой олиш мумкин эди. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, хонликдаги сиёсий вазият ниҳоятда кескинлашган Араб Муҳаммадхон даврида ҳам суғориш иншоотлари қурилишига, халқ ҳаёти, турмуш даражасининг яхшиланишига эътибор қаратилган.
Бу даврда суғориш иншоотлари қурилишининг асосий сабаби, ўша даврда суғориш тизимининг ўзгарганлиги бўлди: Амударё ўз ўзанини ўзгартириб, эски ўзан атрофидаги ерлар чўлга айланади. Бу ҳақида муаллиф: «Биз дунёға келмасдин ўттуз йил илгари Аму суви, хост кинорасининг юқорисини Қора айғир тўқайи дерлар, ул ердин йўл ясаб оқиб, Тук қалъасина бориб, Сир денгизина қўйған эркандур. Ул сабабдин Урганч чўл бўлубти. Раъият Урганч чўл ҳам бўлса ўлтуруб, хон бошлиқ сипоҳ халқи ёз Аму сувининг ёқасинда муносиб ерларда экин экиб ўлтуруб, экинни олғандин сўнг Урганч борурлар эркандур»[19,Б.167]. Демак, Амударё ўзанининг ўзгарганлиги (1573) сабаб, Урганч чўлга айланади. Натижада бу ерда деҳқончилик билан шуғулланишнинг имкони бўлмайди ва аҳоли дарё ёқасида экин экиб, уни ўргач Урганчга қайтади. Бундан аҳолининг бу даврда ҳам тўла ўтроқлашмаганлиги маълум бўлади.
Хонликдаги сув танқислиги аҳолининг катта қисмини ташкил қилган чорвадорлар ҳаётига ҳам таъсир қилмай қолмади. Бу ҳақида: «Баҳор қўй қўзилар. Хевақда ўт бўлмас. Ранг чиқар. Хевақ туркмани қумға кетар. Сарт экин экмак учун кендли кендина кетар»[20,Б.172].
Аҳоли орасида руҳонийлар алоҳида мавқега эга едилар. Дарвиш шайхлари Хивадаги таъсирларидан фойдаланиб, хонлар ўртасидаги курашларда фаол қатнашганлар. Бу ҳақида Абулғозихон шундай ёзади: «Бакирған остонасинда Сайид ота авлодиндин бир киши бор эрди, Назар хожа дерлар эрди. Елбарс султон анинг қизин олди… Шул кунлар халқнинг барчаси отланиб Асфандиёр султоннинг келганини яхши бўлди, отасини билмаган золимлардан худой қутқазди, деб гуруҳ-гуруҳ Асфандиёр султонға кела эркандур... Пиёда ва отли ўтмасдан Асфандиёр султонға кўмакка келатурған кишининг ва баъзисини сўз бирлан ва баъзисини зўр бирлан ўзини қўшуб айтибдур. «Худой кўрсатмасин Асфандиёр султон юрт олса еркагингизни ўлтурур ва урғачингизни Абулхон ва Манқишлоқ туркманига буюрур. Ул ўлжа қилиб олиб кетар. Агар менинг бу сўзимда ёлғон бўлса, тангрининг каломи урсин мени»- теб,
ҳар кишининг олдинда Қуръондан бир онт ичибдур. Асфандиёр султонға келатурған кишининг барчасини қатиға йиғди-да олди. Ўғлон-ушоқини туркман ўлжа етар теб онд ичгандин сўнг, қўрқти… Бир оқсақолли сайид ҳар кунда Қуръондин юз каррат онт ичса, мен сизларнинг ғамингизни ейман теса ким инонмас»[21,Б.164]. Бундан кўринадики, 1622-йилда отасига қарши исён кўтарган Ҳабаш Султон ва Елбарс Султонларни Шайх Сайид ота авлодидан ҳисобланган шайх Назар Хожа қўллаб қувватлайди, ҳамда халқни ҳам ўзига ергаштиришга эришади.
Бу давр ҳақида бошқа манбаларда ҳам маълумотлар бор. Хусусан, 1558-йилда Волга дарёси бўйлаб сузиб Астрахан шаҳридан Каспий денгизи орқали Манғишлоқ яриморолида бўлган сайёҳ А.Женкинсон ўз эсдаликларида шундай ёзади: «Бу султон (Темур султон) кўшк ва шаҳарда яшамай, саҳрода яшаган ва мен унинг кичкинагина қамишдан ясалган, усти кигиз ва гиламлар билан ўралган ўтовига кириб борганимда у ўтирган эди. У билан бирга бу мамлакатнинг руҳонийси ўтирган эди. Европанинг каттагина қисмида Рим епископини қанчалик ҳурмат қилсалар, уни ҳам халқ шунчалик азизлар эди»[22] - дея қайд этган эди.
Бу даврда хонликда савдо муносабатлари тўхталадиган бўлсак, ўзаро феодал урушлар ва қўшни давлатлар билан бўлган ихтилофлар савдо алоқаларининг, хусусан карвон савдосининг ўсишига катта зарба берди. Лекин, шунга қарамай, Бухоро ва Хива хонликлари ўртасида савдо-сотиқ тамоман тўхтаб қолмади. Абдуллахон II хонликни эгаллаши арафасида Мовароуннаҳрлик йирик савдогарлар шунингдек, зиёратчилар Ширвонга кетишда қизилбошлар ерлари орқали ўтишни хохламай, Урганч орқали Манғишлоққа ўтишган, ҳамда шу ердан Ширвонга борадиган кемаларга ўтишган. Абдуллахон II нинг хонликка бостириб киришининг муҳим сабабларидан бири ҳам шу эди. Россия билан савдо алоқалари юритиш эса Ўрта Осиё хўжалигининг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга эди: «Биз дунёға келган йилининг аввал баҳоринда ўн етти киши ўрусға савдога кетар»[23,Б.167]. Бу ҳақда асарда батафсил маълумот берилмаган бўлса-да, ўша даврда хонлик аҳолисининг қўшни мамлакатлар билан савдо алоқалари бўлганлигидан далолатдир. Шунингдек, Хоразм маданияти тарихини ўрганган олим С.П.Толстов бу ерда оз бўлсада Бухоро ва Эрондан турли моллар келтирилганлиги қайд қилган[24,Б.53].
Муаллиф «Шажараи турк» асарида Хива хонлиги тарихининг бошқа хонликлар тарихи билан боғлиқ тарзда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳамда маданий жиҳатларининг барча жабҳаларини ёритишга интилган. Жумладан, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан.
Хива хонлигида яшовчи халқнинг турмуши, яшаш шароити, кундалик машғулотлари билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар келтириш билан чекланмасдан, хонлик аҳолисининг этник, маданий ва иқтисодий муносабатларда учта йирик гуруҳга бўлганлиги аҳамиятли.
Туркман қабилалари хонликнинг ғарбий ва жанубий қисмларида яшаганлиги ва асосан чорвачилик билан шуғулланганлиги, Элбарсхон билан Хоразмга кўчиб келган ўзбекларнинг кўчманчи тарзда ҳаёт кечирганлиги ва улар таркибидаги уруғ ва қабилалар ҳақида батафсил ёритиб ўтган.
Хонликда кўплаб солиқ турларининг мавжуд бўлганлиги, уларнинг миқдори ва йиғиб олиниши, Амударё ўзанининг ўзгариши билан хонлик аҳолиси ҳаётидаги ижтимоий ўзгаришлар тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар келтирилганлиги билан айни давр учун жуда қимматли манба ҳисобланади.
Манбалар ва адабиётлар:
-
1. Қўшжонов О., Полвонов Н. Хоразмдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ҳаракатлар. Т.: 2007
-
2. Ҳасанов С. Хоразм маънавияти дарғалари. -Т.: 2001.
-
3. Абдурасулов А. Хива.-Т.: 1997.
-
4. Бобожонов Д., Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. Хива, 2008
-
5. Муниров Қ. Хоразмда тарихнавислик.Т.: 2002
-
6. Хоразм тарихи. Муаллифлар жамоаси. Урганч, 1997
-
7. Худойназаров Ҳ. Абулғози Баҳодирхон тарихчи ва адиб. Т.: 1994
-
8. Худойназаров Ҳ. «Шажараи турк» ва унинг ўрганилиши. Т.: 1993.
-
9. Агзамова Г.А. ХВИ-ХИХ асрлар биринчи ярмида Ўзбекистон шаҳарлари ва шаҳарлар ҳаёти. Тарих фанлари докт... дисс... – Т.:2000. – 348б.
-
10. Аллаева Н.А. Хива Хонлиги ва Ерон ўртасидаги ўзаро алоқалар. Тарих фан. Ном. Дисс. Т.:2007й. – 169б
-
11. Рахманова Ю.М. Хива шаҳрининг ХВИ-ХИХ асрнинг бошларидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёти: анъана ва ўзгаришлар. Тарих фан.ном.дисс... Т:2009.
-
12. Абулғозий. Шажараи турк.Т.: «Чўлпон», 1992. – 31б.
-
13. Дониёров Х. Ўзбек халқининг шажара ва шевалари. – Б. 35
-
14. Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 125б
-
15. Муҳаммад Солиҳ. Шайбонийнома. Т.:1961. – 321б.
-
16. Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. –126б
-
17. Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. –126б.
-
-
18. Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 161-162б.
-
19. Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. –167б.
-
20. Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. –172б
-
21. Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 164б
-
22. Дженкинсон А. Путешествие в Среднюю Азию 1558-1560 гг. Английские путешествие в Московском государстве в ХВИ веке. Перевод с английского Л.Готе. Л.:1932
-
23. Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 167б.
-
24. Толстов С.П. По следам древнехорезмийской сивилизатсии. М-Л.:1948.–53б
"Экономика и социум" №8(87) 2021
Список литературы Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарида хива хонлигидаги ижтимоий-иқтисодий хаёт масалалари ёритилиши
- Қўшжонов О., Полвонов Н. Хоразмдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ҳаракатлар. Т.: 2007
- Ҳасанов С. Хоразм маънавияти дарғалари. -Т.: 2001.
- Абдурасулов А. Хива.-Т.: 1997.
- Бобожонов Д., Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. Хива, 2008
- Муниров Қ. Хоразмда тарихнавислик.Т.: 2002
- Хоразм тарихи. Муаллифлар жамоаси. Урганч, 1997
- Худойназаров Ҳ. Абулғози Баҳодирхон тарихчи ва адиб. Т.: 1994
- Худойназаров Ҳ. «Шажараи турк» ва унинг ўрганилиши. Т.: 1993.
- Агзамова Г.А. ХВИ-ХИХ асрлар биринчи ярмида Ўзбекистон шаҳарлари ва шаҳарлар ҳаёти. Тарих фанлари докт... дисс... – Т.:2000. – 348б.
- Аллаева Н.А. Хива Хонлиги ва Ерон ўртасидаги ўзаро алоқалар. Тарих фан. Ном. Дисс. Т.:2007й. – 169б
- Рахманова Ю.М. Хива шаҳрининг ХВИ-ХИХ асрнинг бошларидаги жтимоий-сиёсий ҳаёти: анъана ва ўзгаришлар. Тарих фан.ном.дисс... Т:2009.
- Абулғозий. Шажараи турк.Т.: «Чўлпон», 1992. – 31б.
- Дониёров Х. Ўзбек халқининг шажара ва шевалари. – Б. 35
- Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 125б
- Муҳаммад Солиҳ. Шайбонийнома. Т.:1961. – 321б.
- Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 126б
- Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 126б.
- Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 161-162б.
- Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 167б.
- Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. –172б
- Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 164б
- Дженкинсон А. Путешествие в Среднюю Азию 1558-1560 гг. Английские путешествие в Московском государстве в ХВИ веке. Перевод с английского Л.Готе. Л.:1932
- Абуғозий. Шажараи турк. Т.: «Чўлпон», 1992. – 167б.
- Толстов С.П. По следам древнехорезмийской сивилизатсии. М- Л.:1948.–53б