Ашадарё вилоятида суориладиган удудлардаги антропоген ландшафтларни оптималлаштиришнинг геоэкологик жиатлари
Автор: Boymurodov S.M.
Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium
Рубрика: Основной раздел
Статья в выпуске: 5-1 (96), 2022 года.
Бесплатный доступ
Maqolada Qashqadaryo viloyati sug'orma dehqonchilik qilinadigan hududlardagi agrolandshaftlaridan samarali foydalanish va ularning geoekologik holati hamda sug'oriladigan erlardan ilmiy asoslangan va texnologik jihatdan takomillashgan holda foydalanish, ularni muhofaza qilish, agroirrigasion landshaftlarni optimallashtirish masalalari bayon qilingan.
Агроирригацион ландшафт, суғорма деҳқончилик, ирригация, канал, ҳавза, ландшафт, суффозия, cарҳад, мелиорация, ҳидромелиоратив, деградация, агромелиоратив
Короткий адрес: https://sciup.org/140293112
IDR: 140293112
Текст научной статьи Ашадарё вилоятида суориладиган удудлардаги антропоген ландшафтларни оптималлаштиришнинг геоэкологик жиатлари
Қашқадарё вилоятида узоқ тарихий даврлар давомида мамлакатимизнинг ҳозирги сарҳадларида кўплаб сув иншоотларининг барпо этилишига боғлиқ ҳолда суғориладиган ерларнинг майдони кенгая борган. Ўтмишда ҳам Қашқадарё воҳасида суғориш учун қўшни Зарафшон дарёси ҳавзасининг сув ресурсларидан ҳам фойдаланиш мақсадларида Монас ариғи қазилган ва суғоришда фойдаланилган. Аммо, катта майдонларнинг ўзлаштирилиши ва суғорма деҳқончиликда фойдалана бошлаши мамлакатимизда ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб энергетика саноатининг ривожланиши билан бевосита боғлиқ бўлиб, ўтган даврда Қашқадарё ҳавзасининг ўрта ва асосан қуйи оқими (Қарши чўли)да анча катта майдонлар ўзлаштирилиб, суғорма деҳқончиликда фойдалана бошланди. Суғориладиган ерларда кейинги 40–50 йил давомида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва суғориладиган ерларни майдонини кенгайтириш мақсадида улкан ирригация ишлари амалга оширилди: маҳаллий сув ресурсларидан кўпроқ ва самаралироқ фойдаланиши учун сув омборлари қурилди. Деҳқончилик ерларининг сув таъминотини яхшилаш учун маҳаллий ва қўшни дарё ҳавзаларининг сув ресурсларидан фойдаланиш мақсадида бир қанча каналлар қазилди. Натижада суғориладиган ерларнинг майдони йилдан – йилга (1965 йилда 140 минг га, 1970 йилда 171,5 минг га, 1975 йилда 237,5 минг га, 1995 йилда 415 минг га, 2000 йилда 453,6 минг га, 2005 йилда 500,8 минг га, 2010 йилда 514,5 минг га) кенгайиб борди.
Ҳозирги пайтда Қашқадарё вилояти ҳудудида 2195,0 минг га майдон қишлоқ хўжалигида фойдаланилмоқда. Шундан 677,3 минг га ни қишлоқ хўжалиги экинлари экиб фойдаланадиган ерлар ташкил этади. Экин экиладиган ерларнинг қарийб 79 %и (532,8 минг га) суғорма деҳқончиликда фойдаланилади. Вилоят суғориладиган ерларнинг майдонига кўра мамлакатимиз вилоятлари орасида етакчи ўринни эгаллайди.
Суғорма деҳқончилик зонасида амалга оширилган ирригация ва мелиорацияга доир тадбирлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга имконият берди. Аммо, суғориладиган ерлар майдонининг кенгайишига боғлиқ ҳолда сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш, ҳидромелиоратив ишларнинг етарлича такомиллашмаганлиги ва суғориладиган ерлар ландшафтларининг хусусиятларини ҳисобга олинмаганлиги туфайли суғоришнинг ноқулай оқибатлари билан боғлиқ бўлган геоэкологик муаммолар ҳам юзага келди. Шу сабабли агроирригацион ландшафтларни оптималлаштириш бугунги куннинг долзарб экологик-иқтисодий масалалардан бири бўлиб турибди.
Ерлардан илмий асосланган ва технологик жиҳатдан такомиллашган ҳолда фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва табиий жараёнларни имкон даражасида кўпроқ маҳсулдорликка эришиш мақсадида фаол тартибга солиш агроирригацион ландшафтларни оптималлаштириш дейилади.
Қашқадарё вилоятида агроирригацион ландшафтларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тизимида асосий амалий тадбирлар деградация жараёнларини олдини олиш, сусайтириш ва бартараф қилиш учун белгиланадиган турли агромелиоратив тадбирларни амалга оширишга қаратилмоғи лозим. Агроирригацион ландшафтлар майдонининг кенгайиши табиатда мужассамлашган динамик мувозанатни ўзгаришига олиб келди. Суғориш билан боғлиқ бўлган ҳидротехник ва агротехник тадбирлар иқтисодий жиҳатдан ижобий самаралар бериши билан бир қаторда экологик нуқтаи назардан ишлаб чиқаришга зиён етказадиган номақбул жараёнларнинг (шўрланиш, зах босиши, тупроқларнинг суғориш эрозияси, дефляция (шамол эрозияси) кучайиши, тупроқлар тузилмасининг бузилиши ва чириндисизлашуви (дегумификация), чўкиш ва зичлашув (петрификация), суффозия ва бошқа биологик ҳамда физикавий-кимёвий хусусиятларининг ўзгариши ва б.) ривожланишига ҳам сабаб бўлди. Бундай жараёнларнинг кучайиши, табиийки, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигининг камайишига, айрим ҳолларда эса ерларни ишлаб чиқариш оборотидан вақтинча бўлсада чиқарилишига сабаб бўлмоқда.
Қарши чўлининг ҳозирги суғориладиган ерларида ер ости сувларининг сатҳи ўзлаштилишга қадар 20-30 м чуқурликда бўлган, аммо суғориш туфайли ҳозирги пайтда 5-7 м, баъзи жойларда эса 2-5 м ни ташкил этади. 2010-йил маълумотига кўра, Қашқадарё вилоятида суғориладиган ерлардан 242,92 минг га турли даражада (ўртача шўрланган ерлар – 48,4 минг га, кучсиз шўрланган ерлар – 181,53 минг га, кучли шўрланган ерлар – 12,99 минг га) шўрланган.
Қашқадарё вилояти суғориладиган ерларнинг сифати ўртача 54 балл билан баҳоланади. Суғориладиган ерларнинг бонитетига кўра 52,5 %ини яхши ерлар, 43 %ини қониқарли ерлар ва 4,5%ини қониқарсиз ерлар ташкил этади.
Агроирригацион ландшафтларда уларнинг маҳсулдорлигига: а) тупроқ ҳосил қилувчи омилларнинг ўзгариши, ирригация эрозиясининг кучайиши; б) суғориладиган ерлар ва уларнинг яқин атрофидаги ерлар ҳидрологик режимининг қайта шаклланиши, дарёлар, сув ҳавзалари ва ер ости сувларининг далаларда катта миқдорда қўлланиладиган минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалик экинларни ҳимоя қилиш ва бегона ўтларга қарши ишлатиладиган кимёвий воситаларнинг ювилиши туфайли зарарли кимёвий моддаларга эга бўлган зовур сувлари билан ифлосланиши; в) фауна ва флоранинг ўзгартирилиши, кўпгина ҳайвонот ва наботот олами вакилларининг йўқотилиши ёки ўзлаштирилмаган жойларга кўчиши (миграцияси); г) микроиқлим шароитларининг ўзгартирилиши салбий таъсир кўрсатадиган асосий омиллардир.
Шўрланиш жараёнларининг кечишини кузатиш бу жараёнларнинг жуда мураккаб эканлигидан далолат беради. Суғориладиган ерларда ҳам ландшафт шароитларини эътиборга олган ҳолда мелиоратив, агротехникавий ва хўжалик тадбирлари мажмуасини ўтказишни тақазо этади. Биринчи навбатда ўзлаштирилган ерларнинг ландшафт компонентларининг сажиясини эътиборга олган ҳолда зовур – дренаж тармоқларининг узунлиги ҳар бир гектар ҳисобига лойиҳадаги даражасига етказиш лозим, яъни дренаж тармоқлари солиштирма узунлигини ҳозирги мавжуд узунликка нисбатан 1,5 – 2 баравар ошириш лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, зовурларнинг чуқурлигини ҳам 2 – 2,5 м дан оширмаслик лозим. Тажрибалар шуни кўрсатадики, чуқур зовурлар (2,5 м дан чуқур бўлса) улар шўрсизлантиришга эмас, аксинча шўрланишни кучайишига имкон беради. Чунки, чуқур зовурлар атрофида тарқалган тупроқларнинг юза қатламлари вегетация даврининг охирида кучли қуруқлашади ва қишки-баҳорги ёғинлар тупроқларни ювишга эмас, балки тупроқдаги нам захираларини тўлдиришга сарфланади. Ҳозирги пайтда эса фойдаланилаётган зовур – дренаж тармоқларини реконструкция қилиш ва уларни лойқа ва чиринди ётқизиқларидан тозалаш ишларини узлуксиз равишда амалга ошириш ва уларда минераллашган сувларнинг оқимини яхшилаш имкониятларини таъминлаш лозим.
Шундай қилиб, агроирригацион ландшафтларнинг маҳсулдорлигини ошириш биринчи навбатда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши учун номақбул жараёнлар кечаётган ландшафтларни (ёки морфологик бирликларини) аниқлаш ва картага тушириш ва сўнгра, уларнинг кечишини сусайтиришга ёки батамом бартараф қилишга қаратилган мелиоратив тадбирларни ўтказиш лозим. Бу тадбирлар албатта ландшафтларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоғи зарур.
Фойдаланилган адабиётлар:
-
1. Абдуллаев С.И., Муртазаев Б.Ч.,Муродова Д.С. Суғориладиган деҳқончилик ҳудудларида ландшафтларнинг ўзгариш хусусиятлари // «Жанубий Ўзбекистон табиат манбаларидан оқилона фойдаланиш масалалари». Мақолалар тўплами. Қарши, 2004
-
2. Абдуллаев С.И., Усмонов И. Қашқадарё вилояти суғориладиган ерларининг геоэкологик муаммолари // Ўзбекистон география жамияти ахбороти. 24-жилд. Т, 2004
-
3. Қодирова А. Қашқадарё вилояти агроирригация ландшафтларини ўрганишнинг айрим масалалари // Кўҳна ва навқирон география. Илмий – амалий конференция материаллари. Т., 2008.
-
4. Абдулқосимов А.А. ва б. Антропогенние ландшафти Средней Азии и вопроси экологии. Т., 2004.
"Экономика и социум" №5(96) 2022
Список литературы Ашадарё вилоятида суориладиган удудлардаги антропоген ландшафтларни оптималлаштиришнинг геоэкологик жиатлари
- Абдуллаев С.И., Муртазаев Б.Ч.,Муродова Д.С. Суғориладиган деҳқончилик ҳудудларида ландшафтларнинг ўзгариш хусусиятлари // "Жанубий Ўзбекистон табиат манбаларидан оқилона фойдаланиш масалалари". Мақолалар тўплами. Қарши, 2004.
- Абдуллаев С.И., Усмонов И. Қашқадарё вилояти суғориладиган ерларининг геоэкологик муаммолари // Ўзбекистон география жамияти ахбороти. 24-жилд. Т, 2004.
- Қодирова А. Қашқадарё вилояти агроирригация ландшафтларини ўрганишнинг айрим масалалари // Кўҳна ва навқирон география. Илмий - амалий конференция материаллари. Т., 2008.
- Абдулқосимов А.А. ва б. Антропогенние ландшафти Средней Азии и вопроси экологии. Т., 2004.