Доривор мавракнинг (Salvia officinalis L.) уруғкўчати ва қаламчаларини ҳосилдорлигига минерал ўғитларнинг таъсири

Автор: Улугова Сафаргул Файзуллаевна, Рузметов Умид Исмаилович, Янгибаева Инобат Зарифбаевна

Журнал: Life Sciences and Agriculture.

Статья в выпуске: 2-3, 2020 года.

Бесплатный доступ

Mақолада доривор маврак ўсимликларини жадал етиштириш мақсадида минерал ўғитларнинг турли меъёрлари, ҳамда ўсимликларнинг уруғкўчат ва қаламчаларининг қуруқ ва хўл массалари кўрсаткичлари бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари баён этилган.

Маврак, агротехнология, минерал ўғитлар, хом-ашё, тупроқ, парваришлаш, ҳосилдорлик, ўсиш ва ривожланиш жадаллиги

Короткий адрес: https://sciup.org/14125744

IDR: 14125744   |   DOI: 10.24411/2181-0761/2020-10095

Текст научной статьи Доривор мавракнинг (Salvia officinalis L.) уруғкўчати ва қаламчаларини ҳосилдорлигига минерал ўғитларнинг таъсири

Кириш. Кўп йиллик илмий кузатишлар шуни кўрсатадики, ёввойи ҳолда ўсадиган доривор ўсимликларга нисбатан экиб ўстириладиганларининг таркибида биологик фаол моддалар тўлиқ сақланиши аниқланган. Уларнинг таркибида кўп миқдорда компонентларнинг сақланиши ва бу моддалардан тиббиётда тўла фойдаланишда ўсимлик хом-ашёларини тўғри ва вақтида йиғиб олиш асосий аҳамият касб этади.

Доривор ўсимликлардан юқори ҳосил олишга қаратилган барча агротехник чора-тадбирлар орасида ерни ишлаш асосий аҳамият касб этади. Чунки ер билан ишланганда, тупроқнинг физикавий, кимёвий ва биологик хоссалари яхшиланади. Шу билан бир қаторда барча агротехник тадбирларнинг самарадорлиги ортади, ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши тезлашади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 10 апрел “Ёввойи холда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш” чора-тадбирлари тўғрисида № ПҚ-4670-сонли қарорида келтирилганидек сўнги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш [1], табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва улардан қайта ишлаш борасида изчил ислоҳатлар амалга оширилмоқда.

Ана шу доривор ўсимликлардан бири доривор маврак ( Salvia officinalis L. ) 5-6 йиллик ўт ўсимлиги бўлиб, доривор ва зиравор экин сифатида ҳамда эфир мойли экин сифатида ўстирилади. Унинг баргидан тайёрланган препаратлари (дамлама, настойка) буруштирувчи дизинфекцияловчи ва яллиғланишга қарши таъсирга эга. Шунинг учун бу препаратлар билан оғиз бўшлиғи (стоматит ва гингивит) ҳамда юқори нафас йўллари яллиғланиши (бронхит ва бошқа) касалликларда оғиз ва томоқни чайиш буюрилади. Доривор маврак барги томоқ, меъда касалликларида, ич кетишига ишлатиладиган йиғмалар – чойлар таркибида асосий ўринни эгаллайди.

Доривор ўсимликларнинг саноат плантацияларини барпо қилиш учун маҳаллий тупроқ ва иқлим шароитларига мослашган етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш ҳамда ўсимликларнинг биологик потенциалининг намоён бўлишига етарли шароитлар яратиш зарур.

Шуниям таъкидлаш лозимки, табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар заҳираларининг чекланганлиги боис келгусида фармацевтика саноатининг доривор ўсимликлар хом-ашёсига бўлган тобора ўсиб бораётган талабини, асосан, доривор ўсимликларни етиштириш орқалигина қондириш мумкин. [2].

Халқ табобатида ўсимликдан тайёрланган дамлама меъда-ичак ҳамда юрак (юрак уриши тезлашганда), буйрак (сийдик тутолмаганда), томоқ оғриғи ва шамоллаш касалликларини даволашда ишлатилади. Булардан ташқари, ўсимлик дамламаси иштаҳа очишда ва ташналикни қондиришда истеъмол қилиш буюрилади. Қовурилган ва майдаланган мева юрак ва ичбуруғ (дизентерия) касалликларида истеъмол қилинади. Янги узиб олинган барги янчиб, шишган жойга ва яра устига қўйилса, яхши наф беради.

Ўсимликнинг барча органларида эфир мойи бўлади. Барг таркибида 0,5-2,5% эфир мойи, алкалоидлар, ошловчи моддалар, флавоноидлар, урсол ва олеанол кислоталар ҳамда бошқа бирикмалар бор. Эфир мойи таркибида 15% гача цинеол, туйон, пинен, борнеол, камфора, цедрен ва бошқа бирикмаларни ташкил этади.

Маврак ўсимлигини суғориладиган унумдорлиги юқори, ўртача механик таркибли тупроқларда ўстириш яхши натижа беради. Доривор маврак ўсимлигидан юқори ва сифатли маҳсулот олиш учун агротехник тадбирларни юқори савияда ўтказиш керак бўлади. Фармацевтик амалиётида маврак ўсимлигининг эфир мойи дорилар таъмини яхшилаш учун қўлланилади. Маврак ўсимлиги Республикамизда тарқалган тупроқ ва унинг иқлимини ҳисобга олган ҳолда, суғориладиган ерларда ўстириш, улардан кўпроқ ва сифатли хом-ашё етиштириш зарур бўлади.

Тадқиқот объекти ва услубияти. Тадқиқот объекти сифатида доривор маврак – (Salvia officinalis L.) олинди. Тадқиқотларда умумқабул қилинган услублардан (Борисова, Бейдеман, Пономарев, Зайцев, Ярош, Терехин ва б.) [3] ҳамда давлат стандартлари бўйича амалга оширилди. Тадқиқотлар давомида доривор маврак уруғкўчати ва қаламчаларининг ҳосилдорлиги ўрганилди. Тадқиқот ишлари Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги майдонларида ўтказилди. Бунда, тажриба майдонининг тупроқлари бўз ўтлоқи тупроқлар бўлиб, тупроқларнинг агрокимёвий таҳлилига кўра, ҳайдалма қатламда гумуснинг миқдори 1,76%, умумий азот 0,17%, умумий фосфор 16,27 мг/кг яъни кам ва калий миқдори 490 мг/кг ни ташкил этди.

Тадқиқот натижалари ва уларнинг муҳокамаси. Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги майдонларида доривор маврак кўчатларида ҳосилдорликни аниқлашда диагонал усулдан фойдаланилди. Доривор маврак кўчатининг ҳосили (барг) 1м2 да 3 қайтариқнинг 4 та вариантлари асосида ўртачаси йиғиб олинди ва ҳўл ҳолда ўлчанди. Хом-ашёнинг ҳўл оғирлиги аниқлангандан сўнг қуритилиб, қайта ўлчанди ва ўртача 1кг/га учун ҳосилдорлиги аниқланди.

Минерал ўғитларни ҳар хил меъёрларини қўллашда маврак кўчатларининг вариантлар бўйича таъсири аниқланди. Бунда, доривор маврак уруғкўчатининг 1м2 да (барг)ги хом-ашёсининг хўл массаси назорат вариантда 62 г, гектарига 620 кг, қуруқ массаси эса 12,1 г., гектарига 121 кг ни ташкил қилди. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи вариантларда 1м2 да ҳўл массаси 67; 78; 92 г, гектарига 670; 780; 920 кг, қуруқ массаси эса 14,3; 15,2; 17,9 г, гектарига 143; 152; 179 кг бўлиши аниқланди (расм-1), (1-жадвал).

Расм-1. Тажриба майдонида маврак ўсимлигининг фенологик кузатув жараёни

1- жадвал

Доривор маврак уруғкўчатининг 1м2 да (барг)ги хом-ашёси ҳосилдорлиги

Вариантлар

ҳўл массаси, г

қуруқ массаси, г

2 да

кг/га

2 да

кг/га

Ўғитсиз

62

620

12,1

121

N 30 P 60 K 40

67

670

14,3

143

N 60 P 60 K 40

78

780

15,2

152

N 90 P 60 K 40

92

920

17,9

179

Маврак ўсимлигининг қаламчасидан олинган (барг) ги хом-ашёсининг 1м2 даги ҳосилдорлиги ҳам аниқланди. Минерал ўғитларни ҳар хил меъёрларини қўллашда маврак кўчатларининг вариантлар бўйича таъсири аниқланди. Доривор маврак ўсимлиги қаламчасининг 1м2 да (барг)ги хом-ашёсининг хўл массаси назорат вариантда 167,3 г, гектарига 1673 кг, қуруқ массаси эса 44,8 г, гектарига 448 кг ни ташкил қилди. Иккинчи вариантда хўл массаси 189,4 г, қуруқ массаси оғирлиги эса 50,7 г, учинчи вариантда 1м2 да ҳўл массаси 203,7 г, гектарига 2037 кг, қуруқ массаси эса 54,6 г, гектарига 546 кг бўлиши аниқланди. Изланиш натижалари тўртинчи вариантда тегишли равишда 1м2 даги ҳўл массаси 220,1 г, гектарига 2201 кг, қуруқ массаси эса 59,0 г ва гектарига 590 кг ни ташкил қилди (2- жадвал).

2- жадвал

Доривор маврак қаламчасининг 1м2 да (барг)ги хом-ашёси ҳосилдорлиги

Вариантлар

ҳўл массаси, г

қуруқ массаси, г

2 да

кг/га

2 да

кг/га

Ўғитсиз

167,3

1673

44,8

448

N 30 P 60 K 40

189,4

1894

50,7

507

N 60 P 60 K 40

203,7

2037

54,6

546

N 90 P 60 K 40

220,1

2201

59,0

590

Хулоса. Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги тупроқ-иқлим шароитида доривор маврак ўсимлигининг уруғкўчат ва қаламчалари кўчатларини жадал етиштириш мақсадида минерал ўғитларнинг турли меъёрларини қўллаш ўсимликларнинг ҳўл ва қуруқ массаси оғирлиги назоратга нисбатан 1,3-1,4 баробарга, яъни 131-148% га ошишига имкон яратди.

Адабиётлар:

  • 1.    Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 10 апрел “Ёввойи холда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш” чора-тадбирлари тўғрисида № ПҚ-4670-сонли қарори.

  • 2.    Терехин А.А., Вандышев В.В. Технология возделывания лекарственных растений – М.: РУДН, 2008.-201 с.

  • 3.    У.И.Рузметов, Н.К.Сафарова, Ш.Б.Эрданов. Asteraceae оиласига мансуб айрим доривор ўсимликларнинг плантацияларини яратиш. //Ўсимликлар интродукцияси: ютуқлари ва истиқболлари: илмий-амалий анжуман материаллари, 18-19 май 2018 йил. –Тошкент. –Б.178-182.

Список литературы Доривор мавракнинг (Salvia officinalis L.) уруғкўчати ва қаламчаларини ҳосилдорлигига минерал ўғитларнинг таъсири

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 10 апрел "Ёввойи холда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш" чора-тадбирлари тўғрисида № ПҚ-4670-сонли қарори.
  • Терехин А.А., Вандышев В.В. Технология возделывания лекарственных растений - М.: РУДН, 2008.-201 с.
  • У.И.Рузметов, Н.К.Сафарова, Ш.Б.Эрданов. Asteraceae оиласига мансуб айрим доривор ўсимликларнинг плантацияларини яратиш. //Ўсимликлар интродукцияси: ютуқлари ва истиқболлари: илмий-амалий анжуман материаллари, 18-19 май 2018 йил. -Тошкент. -Б.178-182.
Статья научная