Шўрланган ерларнинг умумий физик хоссаларини яхшилашда галофит ўсимлик ширинмия (Glacyrrhiza glabra) дан фойдаланиш

Автор: Тошбеков Ктам Тошбекович, Рахмонов Икром Абдукаримович, Мамараимов Дилшод Жабборович

Журнал: Life Sciences and Agriculture.

Рубрика: Агрономия

Статья в выпуске: 2-1, 2020 года.

Бесплатный доступ

Mақолада ҳар хил даражада шўрланган, бўз-ўтлоқи тупроқларнинг умумий физик хоссаларини яхшилашда галофит ўсимлик (ширинмия) дан фойдаланиш ва тупроқ унумдорлигини оширишда фитомелиорациянинг аҳамияти тўғрисидаги маълумотлар келтирилган.

Механик таркиб, солиштирма масса, хажм масса, ғоваклик, фитомелиорация, ширинмия, ксерофитлар, галофитлар, мезофитлар, гигрофитлар

Короткий адрес: https://sciup.org/14125702

IDR: 14125702   |   DOI: 10.24411/2181-0761/2020-10023

Текст научной статьи Шўрланган ерларнинг умумий физик хоссаларини яхшилашда галофит ўсимлик ширинмия (Glacyrrhiza glabra) дан фойдаланиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастурининг сўзсиз бажарилишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2014 йил 24 февралдаги 39 сонли қарори ижросини мақсадли ўрганиш, мелиоратив тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, сув хўжалиги объектлари бўйидаги ер участкалари ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Республикамизда қишлоқ хўжалигининг ривожланишига тўсқинлиқ қиладиган омиллардан бири тупроқларнинг шўрланганлигидир. Катта хажмдаги сув хўжалик тадбирларининг амалга оширилишига қарамасдан тупроқ шўрланиши фаоллашиб кенгайиб бормоқда. Бундан ташқари, бунга янги ерларни, шу жумладан кучли шўрланган ерларни асосланмаган ҳолда ўзлаштириш ва суғориш ишларидаги камчиликлар ҳамда Сирдарё ўрта ва қуйи оқимларида суғориш сувлари минерализациясининг ошганлиги сабаб бўлди. Бу ўз навбатида суғориладиган тупроқларда шўрланишнинг кучайишига ва экологик муҳитнинг кескин ёмонлашишига олиб келди. [2]

Бизга маълуки, Маказий Осиёнинг суғориладиган майдонларининг 2% га яқини шўрланиш натижасида тупроқ таркиби ва хоссаларининг бузулиши сабабли ишлаб чиқаришдан чиқиб кетмода. Ўзбекистонда суғориладиган ерларининг умумий майдони 4,3 млн. гектар бўлиб, шундан 60% дан оргиғи ҳар хил даражада шўрланган. Шунинг учун ҳам бу майдонларнинг экологик ва мелиоратив ҳолатини яхшилашда ресурс тежамкор усуллардан фойдаланишни талаб этади.

Э.Б. Дедованинг маълумотларига кўра, шўрланган ва шўртобланган майдонлар фитомелиорацияси, ҳар хил ҳаёт шаклига эга бўлган ўсимликлар ( дарахт, бута, ярим бута ва ўт ўсимликлар) ни экиш орқали амалга оширилади. Бунда ўсимликларнинг экологик хусусиятлари (ксерофитлар, галофитлар, мезофитлар, гигрофитлар), яшаш шароитига мослаша олиши, тупроққа мелиоратив таъсири ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилиш даражалари ҳисобга олиниши керак.[1]

Гидротехник, кимёвий ва агробиологик тадбирларни биргаликда амалга ошириш, қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил етиштириш ва тупроқ унумдорлигини ошириб боришни таъминлайди. Юқорида келтирилган икки усул орқали иккиламчи шўрланган ерларни қайта тиклаш учун кўпроқ маблағ талаб этилади. Шунинг учун ҳам биологик мелиорациядан кенгроқ фойдаланишни тақоза этади. Шундай тадбирлардан бири фитомелиорация ҳисобланади. Бунда турли ҳил ўсимлик турларидан фойдаланиш мумкин. Ҳозирги кунда шундай ўсимликлардан бири бўлган ширинмия ўсимлигидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилмоқда.

Деградацияга учраган тупроқларнинг унумдорлигини оширишда, асосий кўрсатгичлардан бири, деградацияга учраган тупроқларнинг биомаҳсулотлар билан таъминланиш даражаси ҳисобланади. Ширинмия ўсимлиги илдиз системасининг жадал ўсиши натижасида тупроқ қатламларида органик маддаларнинг кўпроқ миқдорда тўпланишини таъминлайди.

Ширинмия ўсимлиги экилиши натижасида шу нарса кузатилдики, тупроқ қатламларининг донадорлик даражаси ошди. Бу ўз навбатида тупроқнинг умумий физик ҳоссаларининг яхшиланишига олиб келди. Ширинмия экилган тажриба мойдонида тупроқнинг ҳажм массаси (зичлиги) камайди. Бу кўрсатгич 0-28cм лик қатламда 0,08 г/cм3 гача, бир метрлик қатламда эса 0,06 г/cм3 ни ташкил этди. (жадвал-1.)

Ширинмия экилган майдон тупроғининг агрофизик кўрсатгичлари динамикаси

Жадвал-1

Қатлам чуқурлиги, см

Тупроқнинг солиштирма массаси, г/cм3

Тупроқнинг хажм массаси, г/cм3

Умумий ғоваклик,%

Пахта

Ширинмия

Пахта

Ширинмия

Пахта

Ширинми я

0-28

2,68

2,64

1,40

1,32

48,0

53,0

28-57

2,71

2,68

1,46

1,40

46,0

48,0

57-89

2,69

2,69

1,44

1,38

49,0

49,0

89-124

2,71

2,70

1,44

1,38

49,0

48,0

124-178

2,73

2,72

1,44

1,42

47,0

48,0

178-205

2,74

2,72

1,44

1,42

47,4

48,0

Механик элементлар ўлчамининг майдаланиб бориши билан, уларнинг хоссалари ҳам ўзгариб боради. Айниқса ана шундай кескин ўзгаришлар «физик қум» (>0,01 мм) билан «физик лой» (<0,01 мм) фракциялари чегарасида яхши ифодаланган. Шунинг учун ҳам тупроқнинг механик таркибини ўрганишда ана шу заррачаларнинг миқдорига алоҳида эътибор берилади.

Тажриба олиб борилган тупроқ механик тартибига кўра устки қатлами 60 см гача енгил қумоқ бўлиб, пастки қатламларга қараб ўрта ва оғир қумоқли таркиблар билан алмашиниб боради. 124 см дан бошлаб оғир қумоқ тупроқлар учрайди.

Шундай қилиб тупроқнинг устки 0-124 см лик қатламда механик таркибнинг пастдан юқорига қараб енгиллашиб бориши кузатилади.

Юқориги 50 см. лик қатламда майда қум заррачалари хам кўпроқ учрайди. Пастки қатламларида йирик чанг ва ил заррачалари асосий қисмини ташкил этади. Умуман олганда тупроқ профили бўйича барча қатламларида йирик чанг заррачалари (0,05-0,01мм) кўпроқ миқдорни ташкил этганлигини кузатиш мумкин

Тажриба натижалари шуни кўрсатдики, ширинмия етиштириш натижасида кам ва ўртача шўрланган бўз-ўтлоқи тупроқларнинг умумий ғоваклиги яхшиланди ва оптимал ҳолатга яқинлашди. Ширинмия илдизининг жойланиш чуқурлиги 0,7-3,5 м гачани (ҳаётининг даври ва тупроқ шароитига кўра) ташкил этди. Бу ўз навбатида тупроқ қатламларида майда бўшлиқларнинг ҳосил бўлишини таъминлайди. Шунинг учун ҳам, ширинмия экилган майдонларда табиий биологик зовурланиш юзага келади. Ўсимлик илдиз системасининг кенг тармоқланиши ва чуқур кириб бориши натижасида агрономик жиҳатдан аҳамиятли бўлган агрегат (0,25-10 мм) лар миқдори ошади, бу ўз навбатида тупроқ қатламлари зичлигининг камайишига олиб келади.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, дуккакли ўсимликлар илдиз системаси ҳар хил чуқурликкача кириб боради ва ўсимлик вегетация даврининг сўнгида ҳар хил миқдорда органик моддалар қолдиради. Агар бу ўсимликларни тўғри навбатлаб экишни жорий этсак, намлик ва озиқ элементлардан самарали фойдаланиш натижасида, қишлоқ хўжалик экинларидан сифатли ҳосил олиб боришга эришилади.

Адабиётлардан маълумки ширинмия ўсимлигининг фитомелиоратив самараси 2-3 йилдан бошланади. Ширинмия ўсимлигидан тўғри фойдаланиш орқали, тупроқнинг физик ҳоссалари яхшиланади, озиқ режими яхшиланади, тупроқ қатламларида органик қолдиқлар тўпланиши таъминланади. [2,3]

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки суғориш ва қўлланилиб келинаётган агротехник тадбирлар таъсирида ҳайдов ости ва ундан пастки қатламларнинг ўта зичлашиши кузатилиб, буларни бартараф этиш учун ерни чуқур юмшатиш ва дуккакли экинлар экиш ишларини амалга ошириш керак.

Тупроқ ғоваклиги бир-бири билан чамбарчас боғланган турли катта-кичик найчалар тўр каби бирлашган мураккаб тармоқни ташкил этади. Тупроқ ғоваклигини ошириш учун юқори меъёрда органик ўғитлар қўллаш ва алмашлаб экиш тизимини тўғри ташкил қилиш лозим.

Юқорида келтирилган маълумотлар асосида шуни айтиш мумкинки, илмий изланиш натижаларини амалда тадбиқ қилиш орқали тупроқнинг иккиламчи шўрланишининг    олди олинади ва    ерларнинг мелиоратив ҳолатининг яхшиланишига эришилади, бу ўз навбатида қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришга имконини беради.

АДАБИЁТЛАР:

  • 1.    Дедова Э.Б. Подбор культур-освоителей засоленных почв Калмыкии /Э.Б. Дедова/ Ломоносов – 2001: тез. докл. научн. конф. студентов и аспирантов, Москва, 2001 г. /МГУ. – Москва. – С. 131-133.

  • 2.    Ў. Тошбеков, А. Алтмишев. “Сизот сувлари сатхи ва минерализациясини ўсимлик ресурслари ёрдамида пасайтириш технологияси” Гулистон-2017

  • 3.    Kushiev H., Noble A., Abdullaev I., Toshbekov U. Remediation of Abandoned Saline soils using Glycyrrhiza glabra : A study from the Hunger Steppes of Central Asia. /International Journal of Agricultural Sustainability/. -Vol.3, -№ 2, -2005. -Pp. 112-121.

Список литературы Шўрланган ерларнинг умумий физик хоссаларини яхшилашда галофит ўсимлик ширинмия (Glacyrrhiza glabra) дан фойдаланиш

  • Дедова Э.Б. Подбор культур-освоителей засоленных почв Калмыкии /Э.Б. Дедова/ Ломоносов - 2001: тез. докл. научн. конф. студентов и аспирантов, Москва, 2001 г. /МГУ. - Москва. - С. 131-133.
  • Ў. Тошбеков, А. Алтмишев. "Сизот сувлари сатхи ва минерализациясини ўсимлик ресурслари ёрдамида пасайтириш технологияси" Гулистон-2017.
  • Kushiev H., Noble A., Abdullaev I., Toshbekov U. Remediation of Abandoned Saline soils using Glycyrrhiza glabra: A study from the Hunger Steppes of Central Asia. /International Journal of Agricultural Sustainability/. -Vol.3, -№ 2, -2005. -Pp. 112-121.
Статья научная