Товар-моддий захиралар таннархи ва уларни молиявий исоботнинг аларо стандартларига уйунлаштириш
Автор: Юсупова Ф.З.
Журнал: Экономика и социум @ekonomika-socium
Рубрика: Основной раздел
Статья в выпуске: 5-2 (84), 2021 года.
Бесплатный доступ
Мақолада иқтисодиётни модернизациялаш шароитида 2-сон МҲХСлари ва 4-сон БҲМСларидаги умумий қоидаларни солиштириш натижалари акс эттирилди. Захиралар таннархини шакллантириш, уларни баҳолаш масалалари баён қилинган. Ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи тўғрисидаги ҳисоботнинг методологик тартиби асосланди. Захираларнинг бухгалтерия балансида таркибини такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди.
Захиралар, паррандачилик, молиявий ҳисобот, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари, реализациянинг эҳтимол қилинаётган соф қиймати, адолатли қиймат, захиралар таннархи
Короткий адрес: https://sciup.org/140260568
IDR: 140260568
Текст научной статьи Товар-моддий захиралар таннархи ва уларни молиявий исоботнинг аларо стандартларига уйунлаштириш
Бугунги кунда Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон республикасида мавжуд корхона ва компанияларнинг молиявий ҳисоботларини халқаро стандартлар асосида тузилиши ҳозирги давримизнинг талаби ва зарурати жуда каттадир. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сон “Молиявий ҳисоботнинг ҳалқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ҳисоб ва аудит соҳалари мутахассисларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини такомиллаштириш”1белгиланган.Ушбу қарорни ижросини таъминлаш максадида Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 24 август 507-сон “Молиявий ҳисоботнинг халкаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўгрисида” низомни тасдиклаш хакида карор қабул килди. ПҚ-4611-сонли қарорнинг 1-иловасининг 2-бандида “Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини МҲХСга уйғунлаштиришни ҳисобга олган ҳолда уларни такомиллаштириш” белгиланган. Бу каби вазифаларнинг ҳал этилиши мамлакатимиз иқтисодганиётининг шиддат билан ўсишини таьминланиши учун катта қадам бўлиб ҳисобланади. Шундай корхоналарнинг ривожланишини, материалллар таьминоти, материалл захиралари ва маҳсулот (иш, хизматлар) таннархини ҳисоблаш методологиясини такомиллаштиришни, таннархни камайтиришнинг имкониятлари ва резервларини топишни, халқаро стандартларда ва тажрибаларда кўзда тутилган илғор тизимларини жорий қилишни зарурат қилиб қўймоқда.
Ваҳоланки Молиявий Ҳисоботнинг Ҳалқаро Стандартларига исталган пайтда, тўғридан-тўғри ўтиб бўлмайди. Агарда тайёргарликсиз молиявий ҳисобот МҲХСлар бўйича трансформация қилинган тақдирда ҳам кутилган натижани бермайди. Шу боис, МҲХСларни биринчи марта қўллашда ёки миллий стандартлар асосида тузилган молиявий ҳисоботни трансформация қилишдан олдин ҳар бир халқаро стандартлар билан алоҳида танишиб ўрганиб чиқилиб ва энг асосийси миллий стандартлар билан солиштиришлар олиб борилиши лозим. Ҳозирги кунда ҳар қандай ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи корхона бўлмасин материал захираларисиз, материалларнинг таьминотисиз корхона фаолият юритиш имконияти сустлашади ва ҳатто мумкин бўлмай қолади.Бугунги кунда захираларни тан олиш, уларнинг таннархини аниқлаш, баҳолаш ҳамда молиявий ҳисоботда акс эттиришга доир халқаро стандартлардаги масалаларини ва бу борада илғор хорижий тажрибаларни ёритиб бериш ўта долзарб масалалар сирасига киради. Бундан ташқари халқаро стандартларда келтирилган атамаларни мазмун моҳиятини аниқлаштирш зарурати мавжуд.
Бу долзарб вазифаларни бажариш бўйича Молия вазирлиги, бухгалтерлар ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан бир қаторда олимлар ҳам кенг кўламли иш олиб бормоқдалар. Булар қаторига Ташназаров С.Н., Тўлахаджаева М.М., Ҳайдаров Ш.У., Ҳамдамов Б.К., Ризаев Н.К. ва бошқалар2.
Мақолада 4-сон БҲМС “Товар-моддий захиралар” стандартида келтирилган атамалар тавсифи, тамойиллар ва қоидалар 2-сон МҲХС “Захиралар” стандартидаги қоидалар билан солиштирилган.
Солиштирилган маълумотларидан куриниб турибдики, халкаро стандартлар ва миллий стандартлар ўртасида умумий қоидаларни белгилашда бир канча фарклар мавжуд. Жумладан:
-
• халқаро стандартда захираларнинг актив сифатида тан олинадиган таннархини ҳамда тегишли тушумни тан олгунга қадар келгуси даврларга утказиладиган суммасини аниклашга устувор ахамият каратилган булса, миллий стандартда эса мулк ҳуқуқига тегишли бўлган ТМЗларнинг бухгалтерия ҳисоби услубиёти ва молиявий ҳисоботда акс эттирилишини белгилаш, деб таърифланган. Фикримизча, стандартнинг мақсади кўпроқ ишлаб чиқарилган, сотилган захиралар ҳамда ҳали сотилмаган қолдиқдаги захиралар таннархини аниқлаш тартибини белгилашга қаратилиши мақсадга мувофиқдир.
-
• миллий стандартларда сотишнинг соф қиймати ва жорий қиймати тушунчаларининг мантиқан мазмунига аниқлик киритиш лозим. Бу тушунчаларни тўлиқ халқаро стандартдаги контекстида қабул қилиш мақсадга мувофик, деб уйлаймиз.
-
• миллий стандартимизда инвентар ва хўжалик анжомлари тушунчаси киритилган ва бу каби инвентарлар таркибини махсус асбоблар ва мосламалар, махсус ва санитария кийимлари, махсус пойабзал, курпа тушаклар, ёзув-чизув анжомлари, ошхона инвентари, шунингдек сочик-дастурхонлар мисолида келтиришимиз мумкин. Халқаро стандартларда “инвентар ва хўжалик анжомлари” тушунчаси мавжуд эмас. Уларнинг бир қисми ҳисоб сиёсатида курсатилган тартибда машина ва асбоб-ускуналар таркибида х,исобга олинади. Чунки, халкаро стандартларда асосий воситалар (мулк, бино, машина ва асбоб-ускуналар)га қиймати бўйича чегара қўйилмаган. Бир қисми эса материаллар таркибига киради ва умумий тартибда ҳисобга олинади. Шу боис, “инвентар ва хўжалик анжомлари” тушунчаси, уни тан олиш мезони ва мезонлардаги талаблардан қатъи назар таркибига киритиладиган моддаларини тўлиқ халқаро стандартларга мувофиқлаштириш керак. Бунинг учун қуйидаги йўналишларда ишларни амалга ошириш керак. Амалиётимизда асосий воситалар (“бино, машина ва асбоб-ускуналар”)ни тан олишда киймати минимал иш х,акининг 50 баробаридан кам бўлмаслиги керак” деган мезонни олиб ташлаш керак. Натижада, узоқ муддатга хизмат қиладиган моддий активларнинг таркибини халқаро стандартларда келтирилган мезонлар доирасида компаниялар ўзлари белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу тавсияларнинг қўлланилиши умумий қоидалардаги тафовутларни қисқартиради ва миллий молиявий ҳисоботни трансформациялаш жараёнини енгиллаштиради.
Тадкикот олиб бораётган обьектимиз “Мароканд-Парранда” МЧЖ, ишлаб чиқариш корхонаси бўлганлиги сабабли корхонада олиб борилаётган барча ҳисоботлар миллий стандартлар талабига мос ва уйғун тарзда олиб борилади. Бироқ корхонанинг ривожланиши, четдан янги инвесторларни жалб қилиниши ёки тайёр маҳсулотларини хориж мамлакатларига экспорт қилишлари учун харидорларни жалб қилишлари имкониятини юксалтириш мақсадида МЧЖ ҳам молиявий ҳисоботларини халқаро стандартларга трансфармация қилиши ва кейинчалик бутунлай ҳисоботларини халқаро стандартлари асосида юритилишини таьминлаши лозимдир.
2-сон МҲХС “Заҳиралар” стандартининг талабларига мувофиқ захиралар мажбурий тартибда қуйидаги миқдорлардан энг кичиги бўйича баҳоланиши шарт: таннархи ёки реализациянинг бўлиши мумкин бўлган соф қиймати. Агар реализациянинг бўлиши мумкин бўлган соф қиймати материалларнинг таннархидан паст бўлса, захира реализациянинг бўлиши мумкин бўлган соф қийматида акс эттирилади. Акс ҳолда эса, яъни реализациянинг бўлиши мумкин бўлган соф қиймати уларнинг таннархидан катта бўлса захира таннархда ифодаланади. Тадқиқотларимизда “ 4-сон БҲМС ва 2-сон МҲХСларидаги заҳиралар таннархи билан боғлиқ бўлган тушунчаларни халқаро ва миллий стандартларда белгиловчи қоидаларнинг акс эттирилиши ҳам кўриб чиқилган.
Паррандачилик субьектларида халқаро стандартлар асосида маҳсулот таннархи қуйидаги кўрсаткичларда ифода этишимиз мумкин. Ҳар бир кўрсаткич босқичларда шаклланганлиги боис, паррандачиликда маҳсулот таннархи кўрсаткичларини тўртта босқичга ажратиш мақсадга мувофиқдир:
-
1. Ишлаб чиқаришга чиқарилган материал таннархи (биринчи босқич)
-
2. Маҳсулотни ишлаб чиқариш таннархи (иккинчи босқич)
-
3. Тайёр маҳсулот таннархи (учинчи босқич)
-
4. Маҳсулотни сотиш таннархи (сотилган маҳсулот таннархи) (тўртинчи босқич).
Маҳсулот таннархининг шаклланишини босқичларга бўлишдан мақсад, биринчидан, захиралар ҳаракатининг молиявий натижалар шаклланишига таъсирини аниқ акс эттириш ва иккинчидан, бутун бухгалтерия ҳисоби тизимининг ҳар бир босқичида захиралар таннархи шаклланиши ва ўсишини аниқлашга устувор аҳамиятни қаратишга эришиш ҳисобланади.
Бошқа устама харажатлар товар-моддий захираларни жорий ҳолатга ва жорий жойлаштириладиган жойига келтириш билан боғлиқ бўлган харажатлар бўлиб, халқаро стандартлар талабларига мувофиқ уларни ҳам маҳсулот таннархига киритиш қабул қилинган. Бундай харажатларга мисол қилиб аниқ мижозлар учун маҳсулотлар бўйича қилинадиган қўшимча ишланмалари харажатларни ҳамда захираларни жорий жойига келтириш билан боғлиқ меҳнат ҳақи ва транспорт харажатларини киритиш мумкин. Бу харажатларни стандарт талабларига мувофиқ захиралар таннархига киритиш мантиқан тўғри бўлади .
Юқоридагилар асосида хулоса қилиш мумкинки, захиралар таннархи (ЗТ) бу захиралар харид таннархи (ЗХТ), захираларни қайта ишлаш таннархи (ЗҚИТ) ва плюс бошқа устама харажатлари (БУХ) йиғиндисидан иборатдир. Буни қуйидаги формула орқали ифодалаш мумкин:
ЗТ = ЗХТ + ЗҚИТ + БУХ
Юқорида қайд этилган таклиф ва тавсиялар захиралар таннархини тўғри шакллантириш ҳамда захираларга оид ахборотларни молиявий ҳисоботда халқаро ва миллий стандартлар талабларига мувофиқ ҳолда акс эттириш имкониятини беради ҳамда миллий стандартларимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Олиб борилган тадқиқотларимиз юзасидан хулоса қиладиган бўлсак, захираларга оид атамалар тавсифи ва уларнинг таркиби бўйича белгиланган
қоидаларни солиштириш натижасида халқаро стандартлар ва миллий стандартлар ўртасида умумий қоидаларни белгилашда бир қанча фарқлар мавжудлиги ва уларни бир-бирига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар қилишга имконият яратди. Шу боисдан корхонада товар-моддий заҳиралар (материаллар)нинг баҳоланиши ҳамда уларнинг халқаро стандартлар билан мослашишида қуйидаги тавсиялар келтирилди:
-
• молиявий ҳисоботнинг ҳалқаро стандартларига ўтиш бўйича . Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ижросини ўз вақтида амалга ошириш;
-
• корхонада материаллар ҳисобининг юритилишини автоматлаштиришни;
-
• ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи тўғрисидаги ҳисоботни тузиш зарурлигини;
-
• бухгалтерия балансини кенг ахборот фойдаланувчиларга тақдим этиш ва нашр эттириш мақсадида товар-моддий захираларни таннархи бўйича битта сатрда акс эттириш бўйича таклиф берилди.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
-
1 . Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сон “Молиявий ҳисоботнинг ҳалқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори.
-
2 . Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 авryстдаги 507-сон қарори “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўғрисида” низом.
-
3 .Ташназаров С Н., Finance.uz, 23 08 2016й “Заҳиралар молиявий ҳисоботнинг методологик масалалари” ,
-
4 .Ташназаров С.Н., “Товар-моддий заҳиралар таннархи ва уларни молиявий ҳисоботда акс эттириш масалалари” “Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” илмий электрон журнали. № 6, ноябрь-декабрь, 2017 йил, 10 б.
"Экономика и социум" №5(84) 2021
Список литературы Товар-моддий захиралар таннархи ва уларни молиявий исоботнинг аларо стандартларига уйунлаштириш
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сон "Молиявий ҳисоботнинг ҳалқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарори.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 авryстдаги 507-сон қарори "Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўғрисида" низом.
- Ташназаров С Н., Finance.uz, 23 08 2016й "Заҳиралар молиявий ҳисоботнинг методологик масалалари"
- Ташназаров С.Н., "Товар-моддий заҳиралар таннархи ва уларни молиявий ҳисоботда акс эттириш масалалари" "Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар" илмий электрон журнали. № 6, ноябрь-декабрь, 2017 йил, 10 б.